Хитойда инглиз тилида чоп этиладиган нуфузли “Global Times” газетасида 9 июль куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловига бағишланган мақола чоп этилди.

Мақолада Либерал-демократик партиядан номзод – амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев сайловда 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани, Марказий сайлов комиссияси раиси сайлов ҳақиқий рақобат шароитида, халқаро стандартга, миллий қонунчиликка мувофиқ ўтганини қайд этгани таъкидланган.

“Global Times” ёзишича, сўнгги йилларда республикамизда бир қатор тарихий ўзгаришлар рўй берди – мамлакат иқтисодиёти ҳажми икки баробар ўсди ва келгуси йилларда ялпи ички маҳсулот 100 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

– Жаҳон иқтисодиётидаги инқироз, ташқи муҳит беқарорлигига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёт ўсишининг ўртача 5 фоизлик юқори суръатини сақлаб қолишга эришди, – деб ёзади нашр. – Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2023 йил охирига келиб, ЯИМ 6 фоиз ўсиши кутилмоқда. Бу мамлакат жадал ривожланаётганидан далолат.

“Global Times” Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сун Чуанчжи фикрига таянган ҳолда, Шавкат Мирзиёев ўзини “Инсон энг олий қадрият” тамойилига асосланган Янги Ўзбекистонни яратишга қодир ислоҳотчи сифатида намоён қилгани, миллат етакчиси мақомига сазовор бўлиб, мамлакатни тараққиёт, модернизация сари етаклаётганини таъкидлайди. “Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон барқарор ривожланиш суръатини, куч-қудрати ва салоҳиятига тўла таянган ҳолда, ўз мустақиллиги, халқининг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш қобилиятини намойиш этаётган ва жадал ривожланаётган давлатга айланди”, – деб ёзади нашр.

Шу билан бирга, мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташқи сиёсати Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган энг устувор йўналиши сифатида қабул қилингани, бу эса минтақавий ҳамкорлик жараёнини ривожлантиришда туб ўзгаришларни таъминлаётгани, ҳамкорликнинг янги муҳитини яратиб, минтақа давлатларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлагани алоҳида таъкидланган.

Қайд этиш керак, “Global Times” дунё миқёсидаги энг муҳим воқеаларни ёритадиган  инглиз тилидаги нуфузли нашр ҳисобланади.

 

ЎзА