Хабар берганимиздек, шахмат бўйича онлайн тарзда ўтказилаётган «Aimchess Rapid» турнирининг 4-босқич ўйинлари 3 та дивизионда ўзининг энг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.

Кеча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ўрин олган 1 дивизионда 4-босқич басҳларининг финал ўйини бўлиб ўтди. Унда истеъдодли шахматчимиз норвегиялик Магнус Карлсенга қарши дона сурди.

Учта партия якунида катта тажрибага эга бўлган Карлсен 2,5: 0,5  ҳисобида зафар қучган ҳолда «Champions Chess Tour Aimchess Rapid 2023″нинг Гранд финалида қатнашиш ҳуқуқига биринчилардан бўлиб эга чиқди.

Испания шарафини ҳимоя қилаётган Эдуардо Итурриса ва Левон Аронян қарама-қаршилигидаги учрашувда Эдуардо 2:0 ҳисобида устунликка эришди ва Фабиано Каруанани доғда қолдирган Уэсли Со билан куч синашади.

Айтиш лозим, 4-босқич ўйинларининг саралаш мусобақаларида Нодирбек Аронян ва Уэсли Сони мағлуб этган бўлса, Карлсен Жорден ван Форест ва Фабиано Каруанани енгди. Ўз навбатида илк турда Каруанага имкониятни бой берган Эдуардо Итурриса қўшимча баҳсда ван Форестни таслим этганди.

Жаҳон шахматининг номдорлари орасида Ўзбекистон шарафини улуғлаб келаётган Нодирбек Абдусатторов айнан Уэсли Со – Эдуардо Итурриса жуфтлиги ғолиби билан Гранд-финалда қатнашиш учун кураш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, турнирнинг Гранд финал ўйинлари жорий йилнинг декабрь ойида ташкил этилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА