Бугун ҳам жазирама кунлардан бири. Афсуски, сўнгги йилларда дунё бўйлаб бундай иссиқ ҳарорат нафақат ёзда, балки бошқа фаслларда ҳам кузатилмоқда. Глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ бу жараён барчани бирдек ташвишга солмоқда. Инсоният, табиат жуда кўп ноқулайликлар, йўқотишларга дуч келмоқда.
Халқаро экспертлар Ер илгари ҳисоб-китоб қилингандан кўра, тезроқ исиётганини таъкидлашяпти. Ер юзида ўртача ҳарорат 1,1 даража кўтарилган. Бу 2040 йилга бориб айни кўрсаткич 1,5 даража ошишини англатади.
Жаҳон метеорология ташкилоти (WМО) маълумотига кўра, ўтган ҳафта дунё рекорд даражада исиган. Шу билан бирга, 2023 йил июнь энг иссиқ ой, деб тан олинди. Денгиз юзаси мисли кўрилмаган юқори ҳарорат қайд этгани, Aнтарктика денгиз музи рекорд даражада пасайгани кузатилди.
Профессор Кристофер Хьюитт фикрича, июнь ва июль ойи бошида содир бўлган ғайриоддий иссиқлик Эль-Ниньо ҳодисасининг бошланишидир. Бу ҳолат қуруқликда ҳам, океанда ҳам иссиқлик янада кучайиб, ҳарорат ҳаддан зиёд кўтарилиши, денгизда иссиқ тўлқин кучайишига олиб келади, экотизим ва атроф-муҳитга ҳалокатли таъсир кўрсатади. Вазият антропоген иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган кенг кўламли ўзгаришдан далолат.
Олимлар фикрича, Эль-Ниньо ҳодисаси етти йиллик танаффусдан сўнг яна қайтиши глобал миқёсда иқлим ўзгаришига салбий таъсир кўрсатмоқда. Сайёра бўйлаб давом этаётган иссиқлик тўлқини айнан шу ҳолат билан боғлиқ.
Жаҳон метеорология ташкилоти Эль-Ниньо Тинч океанида пайдо бўлганини расман эълон қилди. Мазкур табиат ҳодисаси океан суви исишига, қурғоқчилик, сув тошқини, ёнғин ва юқумли касалликлар тарқалишига олиб келиши мумкин.
Сайёрамиздаги энг йирик табиий иқлим ҳодисаси бўлмиш Эль-Ниньо Тинч океани жанубий қисми суви даврий кўтарилиши билан намоён бўлади ва бошқа жиддий талафотларни ҳам келтириб чиқаради.
Шу ўринда яна бир маълумотни келтириб ўтсак. Жорий йилнинг 3 июль санаси дунё бўйлаб энг иссиқ кун сифатида тан олинди. Бу ҳам Эль-Ниньо ҳодисаси оқибати.
Ҳарорат Хитойда +35, Шимолий Африкада +50 дан ошган. АҚШнинг айрим штатларида термометр +48 даражани кўрсатди. Ҳиндистонда эса ҳаво 45 даража исиди. Мамлакатда жазирама туфайли юзга яқин ўлим рўйхатга олинган. Ҳатто, ҳозир қиш давом этаётган Антарктика ҳам рекорд даражада юқори ҳароратни қайд этган. Натижада музнинг катта қисми эримоқда. Европа бўйлаб аномал иссиқ кузатиляпти. Минтақа мамлакатлари аҳолиси аввал дуч келмаган бундай жазирамадан азият чекмоқда.
Руминия ва Германида фуқароларга зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик тавсия этиляпти. Зеро, ўтган ёз Германияда иссиқлик тўлқини 4 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган, қурбонларнинг аксарияти кексалар экани кузатилган.
Иқлимшунос олимлар гуруҳи Эль-Ниньо туфайли юқори ҳарорат нафақат ёз ойларида, балки йилнинг бошқа фаслларида ҳам сақланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
“Эль-Ниньо ривожланишда давом этар экан, янги рекордларни кутишимиз мумкин ва бу таъсир 2024 йилгача давом этади”, дея қўшимча қилди Хьюитт.
Дастлабки таҳлилларга кўра, 7 июль куни ўртача глобал ҳарорат 17,24°C ни ташкил қилган. Бу 2016 йил 16 августда ўрнатилган аввалги рекорд –16,94°Cдан 0,3° юқори. Жаҳон метеорология ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи Европа Иттифоқи иқлим ўзгариши хизмати ҳисоботи шуни кўрсатдики, 2023 йил июнь 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,5°C дан сал юқори бўлиб, 2019 йил июнь ойидаги аввалги рекордни ортда қолдирди.
Июнь ойидаги рекорд ҳарорат Европанинг шимоли-ғарбий қисмида қайд этилди, Канада, AҚШ, Мексика, Осиё ва шарқий Aвстралиянинг бир қисми ҳам одатдагидан сезиларли даражада исиди.
Қайд этиш жоиз, бу йилги июнь ҳамма жойда ҳам энг иссиқ ой бўлгани йўқ. Жумладан, Aвстралия, AҚШ ва Россия ғарбида ҳарорат одатдагидан совуқроқ келди.
Маълумотларга қараганда, май ва июнь ойларида глобал денгиз юзаси ҳарорати йилнинг шу даврида рекорд даражада юқори бўлган. Айниқса, Шимолий Aтлантикада денгиз юзаси ҳарорати кўтарилиши ташвишли.
Июнь ойида Ирландия, Буюк Британия ва Болтиқ денгизи ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқинини бошдан кечирди. Aнтарктика музи сунъий йўлдош кузатуви бошлангандан бери энг паст даражага тушди, бу ўртача кўрсаткичдан 17 фоиз кам. Aрктика музи ўртача даражадан бироз паст эди, аммо сўнгги саккиз йил ичида июнь ойидаги кўрсаткичдан анча юқори бўлган.
Афсуски, иқлим ўзгариши мамлакатимизга ҳам таъсир кўрсатиб, қатор салбий оқибатларга олиб келяпти. Хусусан, ҳарорат кўтарилиши натижасида сув буғланиши коэффициенти ошиб, ҳудудларда сув ресурси камайиб, танқислик кузатиляпти. Тупроқ намлиги камайиши ҳисобига такрорий қурғоқчилик хавфи ортмоқда, ҳосилдорлик кўрсаткичи тушиб кетмоқда.
Аслида, иқлим ўзгариши, жазирама иссиқ ва аномал совуқ тез-тез кузатилаётганига, қайсидир маънода, ҳар биримиз сабабчи ва жавобгар. Инсоният томонидан табиатга келтирилаётган чексиз зарар, Ердан шафқатсиз фойдаланиш оқибатида мана шундай кўриниш намоён бўлмоқда. Бутун дунёни ташвишга солаётган айни ҳодисаларга ечим топишда янгича ёндашув, зарур механизм ишлаб чиқиш вақти, аллақачон, келган.
Гўзал Сатторова,
ЎзА