АҚШнинг ЮНЕСКОга қайтиш жараёни якунланди, Қўшма Штатлар ташкилотнинг 194 – аъзо давлати этиб қабул қилинди. Бу ҳақида ЮНЕСКО матбуот хизмати хабар берди.

ЮНЕСКО Бош котиби Одри Азуле Қўшма Штатларнинг ташкилотга қўшилиши билан ЮНЕСКО яна бир бор универсаллик томон қадам ташламоқда, деб таъкидлаган.

Матбуот хизматининг қайд этишича, Одри Азуле 9 июль куни Америка томони билан телефон орқали мулоқот қилган. Вашингтон ЮНЕСКОнинг низомини қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни имзолагани айтилган.

2011 йилда Вашингтон БМТ аъзоси бўлмаган Фаластинга тўлақонли аъзолик бериш қароридан норозилик билдириб, ЮНЕСКОни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилади.

2017 йил 12 октябрда Президент Дональд Трамп маъмурияти ЮНЕСКО қароргоҳига мактуб йўллаб, мамлакатининг ташкилотдан расман чиққани ҳақида маълум қилган.

Қўшма Штатларнинг ЮНЕСКО аъзолиги 2018 йил 31 декабрдан тўхтатилган эди.

ЎзА