ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманида аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича  қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Хусусан тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тумандаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Баҳодир Боймуродов мавжуд имкониятлардан  фойдаланиб, ўтган йили «Мебель Голд Жасмина» оилавий корхонасини ташкил қилди. Корхонага зарур асбоб-ускуналар харид қилиш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан банкдан 136 миллион 800 минг сўм миқдорида кредит маблағи олди.

– Айни кунда корхонамизда идора ва ташкилотлардан ҳамда аҳолидан келиб тушаётган буюртмалар асосида офис ва хонадонлар учун  замонавий мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз, – дейди тадбиркор Баҳодир Боймуродов. – Оилавий корхонамизда 4 киши доимий иш билан таъминланган. Келгусида корхонани янада кенгайтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчилар сони ҳамда  маҳсулотлар турини янада оширишни режалаштирганмиз.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА