Ҳуқуқий муносабат

Қўшни хонадондаги қайта қуриш ишлари жараёнида шовқин, ҳидланиш ёки чангиш оқибатлари кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда баъзан шикоятлар бўлиши мумкин.

Хўш, қонунчиликда бу борада қандай жавобгарлик ёки қоидалар белгиланган? Мазкур саволга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов қуйидагиларни маълум қилди.

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига асосан, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 231-моддасига асосан, мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб, яшаб турган ҳудуддаги кадастр бўлимига мурожаат қилиб, мавжуд ҳолатни тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ. Кадастр бўлимида ишловчи ходимлар иморат жойлашган жойга чиқиб ҳолатни ўрганишлари ва тегишли хулоса беришларини лозим. Агарда кадастр бўлимида ишловчи ходимлар ҳам бунга тегишли муносабат билдиришмаса, бундай ҳолатда ушбу масала юзасидан яшаб турган ҳудуддаги фуқаролик судига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА