Хитойнинг Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Сунь Ци Сенатга ташриф буюрди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувда икки мамлакат алоқалари, хусусан, парламентлараро ҳамкорлик, таълим, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, бўлиб ўтган Президент сайлови хусусида сўз борди.
Сунь Ци сайлов демократик тамойиллар, халқаро ҳуқуқий-норматив талаблар доирасида очиқ ва шаффоф ўтганини таъкидлади.
Шунингдек, халқаро кузатувчига сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар хусусида маълумот берилди. Томонлар мулоқот чоғида яна бир қатор муҳим масалалар юзасидан муҳокамалар олиб борди.
***
Сенатда Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, Баронесса Манзила Уддин ва Британия парламенти қошидаги “Евроосиё консерватив дўстлари” ташкилотининг асосчиси ва раиси Бота Торе Хопкинсон билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова билан мулоқотда Президент сайлови юқори савияда, овоз бериш жараёни халқаро андозаларга тўла мос шаклда ўтгани таъкидланди.
Манзила Уддиннинг фикрича, сайловчилар иштироки юқори даражада бўлди, бу эса Ўзбекистонда сайловолди кампанияси яхши ташкил этилганидан далолат беради.
Мулоқотда томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Н.Абдураимова, ЎзА