Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мажлисда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносиб тарзда, сайловчиларнинг фаоллигида бўлиб ўтди. Унда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ёки 79,88 фоизи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.
Мажлисда 2023 йил 9 июль куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича баённома тузилди ҳамда сайлов натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Жумладан, сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлангани тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Анваровна Маҳмудовага сайловчиларнинг 4,43 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Илёсович Иноятовга 4,02 фоизи ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевга 3,74 фоизи ёқлаб овоз бергани баённомада акс эттирилди.
Бундан ташқари, мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА