Яқинда Индонезиянинг нуфузли нашриётларидан бири “Kanisius Media” нашриётида бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари ва олимларининг китоблари инглиз ва индонез тилларида алоҳида шаклда нашр этилди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, ЎзМУ профессори Раъно Сайфуллаева, шоир Минҳожиддин Мирзо, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шаҳодат Исахонова, Гулбаҳор Жумаева, Умида Хушвақтова, марҳум шоир Аъзам Ўктам ва истеъдодли ёзувчи Aсрор Aллаёров каби ижодкорларнинг илмий, бадиий ва публицистик асарлари ўрин олган.

Ўзбек ижодкорлари қаламига мансуб бу каби китобларнинг хорижда нашр этилиши – мамлакатимизнинг чет эллардаги илмий-адабий ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб бораётганидан далолатдир.

– Тўғрисини айтсам, Индонезиядаги бизнинг Йогякарта шаҳримиз аҳолиси ҳали ўзбек адабиёти ва маданияти ҳақида тўла тасаввурга эга эмас эди, -дейди мазкур нашриёт менежери Розалия Эмми. – Нашриётимиз тарихида илк бора ўзбекистонлик олимлар ва ижодкорларнинг китобларини нашр этдик. Энди мазкур тўпламларни шаҳримиздан унча олис бўлмаган оролларга ҳам жўнатамиз. Ижодий ва илмий ишларни нашрга тайёрлаш жараёнида биз ўзбек халқининг адабиёти ва санъатига, ўзгача урф-одатларига жуда қизиқиб қолдик.

Эътиборли томони, ушбу китобларнинг тақдимоти Индонезиянинг машҳур олийгоҳларидан бири Гаджаҳ Мада университетида ҳам ташкил этилди. Унда мамлакатимиздан борган муаллифлар ҳам иштирок этишди.

– Университетимиз жамоаси билан ўзбекистонлик олимлар ва ижодкорлар билан учрашар эканмиз, чоп этилган ушбу китоблар билан яқиндан танишиб, маданиятларимиз қанчалар яқин эканлигига гувоҳ бўлдик, -дейди мазкур университетнинг Маданий фанлар факультети декани ўринбосари Мими Савитри. –Эндиликда ушбу китоблардан адабиёт ва санъатга оид дарсларимизда ҳам кенг фойдаланишни режа қилдик. Келажакда ҳамкорлик алоқаларимиз янада давом этиб, университетимизда ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил оладилар деб кутиб қоламиз.

Қувонарли жиҳати, мазкур университет илмий журналининг яқинда чиққан махсус сони ўзбекистонлик олимларга бағишланди. Aйниқса, таниқли ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Aнтиқа зиёфат” ҳикоялар тўплами Йогякарта илмий-адабий жамоатчилигида катта таассурот қолдирди.

 

Ўткир AЛИМОВ, ЎзA