Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси  йиғилишида “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ўз фаолиятини шароити “оғир” туманларда амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари, электротехника тармоғи корхоналарининг ихтисослаштирилган марказлари учун бир қатор солиқлар (масалан, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ) бўйича имтиёзлар берилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани, лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилганини алоҳида эътироф этди. Киритилаётган ўзгартишлар солиқ тизимини такомиллаштиришга, бизнес муҳитини янада яхшилашга, аҳолининг фаровон яшашига хизмат қилиши таъкидланди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг муҳимлиги, айниқса, партия электорати манфаатларига мос келиши ҳамда аҳолининг шароитларини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаб, уни бир овоздан маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилишда “Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди.

 

М.Комилова,  

ЎзА