Пойтахтимизда “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” ҳафталиги ва “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги муваффақиятли якунланди.
ЎзА мухбири Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов билан бўлиб ўтган тадбирлар тўғрисида суҳбатлашди.
– “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” ҳафталиги олтинчи маротаба ташкил этилмоқда, дейди Фирдавс Абдухолиқов. – Ўтган 7 йил давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Олимлар илмий изланишлар учун юртимизга кела бошлади, биз хорижий музейлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошираяпмиз. Шу тариқа Ўзбекистон тарихи ва маданиятини тадқиқ қилувчи жаҳон олимлари ҳамжамиятини шакллантирган ишончли платформа яратилди. Ҳар йили бундай тадбирларда олимлар ўз илмий изланишлари натижаларини тақдим этиб, илмий кашфиётлари билан ўртоқлашади.
– Маданий мерос ҳафталиги ташкилотчиси ким ва унинг доирасида қандай тадбирлар бўлиб ўтди?
– Ҳафталик Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Ҳафталик доирасида 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Булар “Туркистон авангарди”, “Темурийлар хазиналари”, “Ўзбекистон амалий санъати дурдоналари”, “Шарқ миниатюрасида Ўзбекистон тарихий шахслари” кўргазмаларидир. Шунингдек, мусиқий фестиваллар, экскурсиялар, тақдимотлар, китоблар билан тақдирлаш маросимлари, фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Бундан ташқари, иккита ноёб китоб тақдимоти ҳам ўтказилди. Улардан бири – “Эдвард Ртвеладзе ҳақида хотиралар” китобидир. “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳасининг илмий координатори Эльмира Гюль ўз муаллифлигидаги “Ўзбекистон анъанавий санъати атамалари. Бадиий энциклопедия” нашрини ҳам тақдим этди. “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги 50 жилдлик китоб-альбомларни Темурийлар тарихи давлат музейига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ҳафталик давомида унинг иштирокчилари Шарқшунослик институти ва Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрига – қадимий шаҳарнинг тарихий жойларига саёҳат уюштирилди.
Тадбирларни ташкиллаштиришда Темурийлар тарихи давлат музейи, Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Фанлар академияси, Конрад Аденауэр жамғармаси раҳбарияти ва бизнинг кўп йиллик ҳамкоримиз – Eriell Group нефть-сервис хизматлари компанияси бизга катта ёрдам берди.
– Ҳафталик тадбирларида жаҳон олимларидан кимлар иштирок этди?
– Меҳмонларимиз орасида ўнлаб давлатлардан ташриф буюрган шарқшунослар ва тадқиқотчилар бор эди, жумладан улар орасида Халқаро Туркий Академия президенти Шаҳин Мустафоев ҳам бўлиб, у туркий дунёнинг кўзга кўринган намояндаларининг илм-фан ва маданият ривожидаги ўрни ҳақида гапирди. Франциядаги Темурийлар уюшмаси асосчиси ва президенти Фредерик Бопертюи-Брессан Амир Темур мероси ҳамда унинг маданият ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси ва таъсири ҳақида қизиқарли маъруза билан иштирок этди. Яна бир иштирокчи – Mueller & Schindler нашриётининг маркетинг ва ривожланиш бўйича вице-президенти Александр Вильгельм ноёб асар – “Қўзғалмас юлдузлар” китоби ҳақидаги муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди. Буюк Британиянинг Кембриж Форсшунослик маркази тадқиқот директори Фирюза Мелвилл Буюк Британиядаги музей ва кутубхоналарда ўзбек санъатининг қандай дурдоналари сақланиши ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Ал-Фурқон ислом мероси жамғармаси раҳбари Сали Шаҳсивари ўз маърузасида ўзбек олимларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасига тўхталди.
– Ўзбекистоннинг тарихий шахслари портретлари кўргазмаси жуда ёрқин муҳокама қилинган, шунингдек, энг кўп меҳмонлар ташриф буюрган воқеа бўлди. Унинг ўзига хослиги ва ноёблиги нимада?
– Биз ушбу кўргазмани жуда узоқ вақт тайёрладик. Кўргазма экспозицияси жаҳоннинг турли ҳудудларида – АҚШ, Туркия, Эрон, Россия ва бошқа мамлакатларда сақланаётган миниатюралардан тўпланган машҳур ҳукмдорлар, тарихий шахслар, Ўзбекистоннинг таниқли фан ва маданият намояндаларининг 24 та нодир портретидан иборат эди. Улардан баъзилари жуда қадимий ва ноёб индивидуал портретлар, баъзилари эса айрим қўлёзмаларнинг бир қисми, манускриптлар, фолиантлар. Бу каби портретларни йиғиш ишлари давом этмоқда.
– Яна бир тадбир – “Туркистон авангарди: макон ва замон оралиғида” кўргазмасининг муваффақияти сири нимада?
– Мутахассислар илк бор бир экспозицияда “Туркистон авангарди” таърифига мос келадиган барча санъат асарларини жамладилар. Бир кўргазмада авангард рассомларнинг суратлари Ўзбекистоннинг барча музейларидан тўпланган. Кўргазма ҳозир ҳам Тасвирий санъат галереясида давом этяпти ва бу дурдоналарни кўришга улгурмаганлар бориб томоша қилиш имкониятига эга. Экспозиция Туркистон авангардининг етакчи усталари – Ўрол Тансиқбоев, Александр Волков, Зинаида Ковалевская, Николай Карахан ва бошқа кўплаб рассомларнинг суратларидан иборат.
– Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг янги офиси очилди. Бу ҳақда бизга кенгроқ маълумот берсангиз.
– Бу кенг, функционал ва замонавий офис бўлиб, унда жаҳон олимлари меҳнатининг ноёб ишлари тақдим этилган. Светодиодли экран ва овозли ускуналар билан таъминланган умумий хона компьютерлар билан жиҳозланган 4 та алоҳида хонани ўз ичига олади. Бундан ташқари, офисда 15 та тақдимот смарт-телевизорлари ўрнатилган.
80 кишига мўлжалланган умумий хонада анжуманлар, давра суҳбатлари, тренинглар, фильмлар намойиши, илмий учрашувлар ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, умумий хонада шинам дам олиш майдони ва ошхона мавжуд.
– “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновациялар ва таълим” халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ҳақида гапириб берсангиз.
– Аввало ва энг муҳими, мазкур тадбир турли соҳалардаги хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг мулоқот, фикр ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Ҳафталик Барқарор тараққиёт маркази, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Тараққиёт стратегияси маркази, қатор вазирлик, идора ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Ушбу тадбир фуқаролик ташаббусидир, яъни тадбирни ўтказишдан асосий мақсад фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат.
Сектор йиғилишларида Ўзбекистоннинг барча вазирлик ва идоралари матбуот хизматлари фаол иштирок этиб, ўз соҳасига оид муҳим масалаларни муҳокама қилди. Ҳафталик давомида илмий-таҳлил марказлари, ишбилармон доиралар, вазирлик ва идоралар, 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан бирга 50 дан ортиқ анжуман, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ташкил этилди.
Халқаро тадбирларда 400 дан ортиқ таниқли сиёсий ва жамоат арбоблари, 60 та давлат ва 5 та халқаро ташкилотнинг йирик бизнес вакиллари ҳамда экспертлар, шу жумладан, 203 та хорижий ташкилот, компания ва ассоциациялар раҳбарлари, 70 дан ортиқ нуфузли университет ва илмий марказларнинг ректорлари ва президентлари иштирок этди. Шунингдек, 4000 дан ортиқ олий мартабали, таниқли давлат амалдорлари, сиёсатшунослар, олимлар, бизнес ҳамжамиятлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам қатнашди.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тадбирни ўтказишда кўмак берган вазирлик ва идоралар матбуот хизматларига ҳамда барча ташкилотларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Тадбирлар турли соҳалар – иқтисодиёт тармоқлари ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг инновацион усуллари, ижтимоий давлат барпо этиш, “яшил” ривожланишнинг жаҳон тенденциялари, қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, билимлар иқтисодиёти ва инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли технологияларни барқарор ривожлантириш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун кучли мулоқот майдонига айланди.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Шунингдек, материални тайёрлашда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти матбуот хизматига миннатдорчилик билдираман.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.