Осиё тараққиёт банки иштирокида А-380 “Ғузор –Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 673-698 километр (25 км) қисмини цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг 8-иловасига мувофиқ, 2023 йилда лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда тасдиқлаш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган.

Мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 километр (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган 48,7 миллион АҚШ доллар маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. Унинг доирасида реконструкция қилинадиган автомобиль йўллари Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 60,9 миллион, шундан Осиё тараққиёти банки улуши – 48,7 миллион АҚШ доллар, Ўзбекистон Республикасининг улуши – 12,2 миллион АҚШ долларни ташкил қилади. Унинг техник-иқтисодий асоси (ТИА) ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича пудрат ташкилотни аниқлаш учун 2023 йил 8 февраль куни тендер савдоларига эълон берилган бўлиб, унинг иштирокчилари техник таклифларини очилишининг охирги куни жорий йилнинг 11 май куни этиб белгиланди.

Бугунги кунда иштирокчи компанияларининг техник таклифларини баҳолаш ишлари якунига етказилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири