Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимлари Қаҳрамон Алимардонов ҳамда Қудрат Мирзаевлар иштирокида 1-синфга қабул жараёнлари юзасидан овозли чат бўлиб ўтди. Экспертлар ота-оналар томонидан йўлланган саволларга жонли эфир орқали жавоб беришди.

— 1-синфга қабул жараёни қандай кечяпти?

—  Республикамиздаги 10 мингдан зиёд мактабда 20 июндан бошлаб 1-синфга қабул жараёнлари бошланди, — дейди Қаҳрамон Алимардонов. —Жараёнларни тартибли ташкил этиш мақсадида қабул икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда 20 июндан бошлаб 31 июлга қадар маҳаллий ҳокимиятлар томонидан бириктирилган микроҳудудда яшайдиган мактаб ёшидаги болаларнинг ҳужжатлари навбатсиз қабул қилинади. 1 – 15 август кунлари эса микроҳудуддан ташқаридаги бўш ўринлари бўлган мактабларга ота-оналар ариза топширишлари мумкин. 6 июль ҳолатига салкам 282 мингдан ортиқ ўғил-қиз умумтаълим мактабларига қабул қилинди. Бу йил республикамиз бўйича мактаб ёшидаги 732 мингдан зиёд бола биринчи синфга қабул қилиниши мўлжалланган.

—  Рўйхатдан ўтиш тартиби қандай? Нечанчи йилда туғилган болалар қабул қилинади?

—  2023-2024 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 2016 йилнинг 31 декабрь санасига қадар туғилган болаларни 1-синфга қабул қилиш амалга ошириляпти. Бу анъанавий ҳамда @mymaktab_uz электрон платформа орқали  амалга ошириляпти. Онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби қандай бўлиши ҳақида кўпчилик ота-оналар маълумот беришимизни сўрашади. Имкониятдан фойдаланиб яна бир маротаба рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида тушунча бериб ўтмоқчиман.

Эслатиб ўтаман, @mymaktab_uz платформаси орқали дастлаб фуқаронинг қўлида ишлаб турган мобиль телефон рақами керак бўлади. Мобиль телефон рақами орқали рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтганидан сўнг ўзининг хавфсизлиги учун пароль ўйлаб топади. Киритилган мобиль рақамга тасдиқлаш учун СМС-код келади. Шу кодни киритиб, кейинги босқичга ўтади. У ерда паспорт маълумотлари шаклланади.

Паспорт маълумотлари бизга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигидан келади. Фуқаронинг яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлиги базасидан келади. Ота ёки она ўзининг маълумотларини шакллантириб сақлаганидан кейин фарзандининг маълумотларини киритади. Фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси серияси киритилганидан сўнг тизимда маълумот пайдо бўлади. Бу маълумот тизимда Адлия вазирлигининг ФҲДЁ базасидан шакллантирилади.

Базада бир қанча манфаатдор ташкилот ва идораларнинг тегишли ахборот  тизимларидан маълумотлар олинади. Бу ерда ҳеч қандай инсон омили билан хато қилиш ёки ўзгартириш мумкин эмас. Маълумотларда хатолик чиқиб қолса, колл-марказга (712030704) қўнғироқ қилишса, муаммони ҳал қилишда ёрдам берамиз, — дейди Қудрат Мирзаев.

— Фарзандим 2017 йилда туғилган, 1-синфга қабул қилинадими?

Кузатувчи томонидан берилган ушбу саволга Қаҳрамон Алимардонов қуйидагича жавоб берди:

—Қонунчиликка мувофиқ болалар мактабга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланган. Юқорида таъкидланганидек, бу йил 2016 йил январдан  31 декабрга қадар туғилган, яъни шу ўқув йилида 7 ёшга тўладиган болалар 1-синфга қабул қилинади. 6 ёшдан 7 ёшгача оралиғидаги болалар Мактабгача таълим агентлиги томонидан мактабгача таълим ташкилотларида мактабга тайёрлов гуруҳларида бепул тайёрланмоқда.

—Олис қишлоқда яшайдиган, атрофида мактабгача таълим ташкилоти йўқ ҳудудлардаги ота-оналар нима қилиши керак?

— Бундай ҳолатда туман мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудлардаги мактаблар ёки ижтимоий соҳа объектларида мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этиб беришади.

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео) ЎзА