Куни кеча мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови уюшқоқлик билан ўтказилди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз тўплаб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қайта сайланди.

Мазкур сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами саккиз юзга яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди. Бугун Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Халқаро ташкилотлар миссиялари вакиллари иштирокида матбуот анжуманлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги сайловларни кузатиш миссияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида кузатувчилар 2023 йил 9 июль куни мамлакатимизда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги кузатувлари бўйича хулосаларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

МДҲ ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев миссия вакиллари Ўзбекистонга дўст сифатида ташриф буюришганини алоҳида қайд этиб, юртимизда бўлиб ўтган сайлов муносиб ташкил этилгани, сайловчиларнинг жуда юқори кайфиятда, фаол иштирок этганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий барқарорлик давом этаётгани, бу сайловларда ҳам ўз аксини топганини қайд этди.

Матбуот анжуманида миссия вакиллари номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишгани, номзодларга тенг шароитлар яратилгани, сайловлар халқаро амалиётга мос тарзда ўтганлигини эътироф этди. Шунингдек, кузатувчилар бир нечта сайлов участкаларида бўлишгани, участкалар барча зарур шароитлар билан таъминлангани, улар ягона мақсадга хизмат қилгани, участка сайлов комиссияси аъзолари фаол ишлаётганини қайд этишди.

Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА