Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ёшлар форуми президенти ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси вице-президенти Таҳа Айҳан билан учрашди.
Учрашувда икки томон ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, 2023 йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ИҲТ доирасида Халқаро ёшлар форумини юқори савияда ташкил этиш, таълим, тадбиркорлик ва инновация соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 7-10 сентябрь кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро этноспорт фестивалини ҳамкорликда ташкил этиш бўйича фикр билдирилди.
Жорий йил охирида ислом дунёси ёшлари форумига мезбонлик қилиш, 2025 йил учун ислом дунёси ёшлар пойтахти мақоми учун ариза топшириш, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар форумига аъзо бўлиш, Олий таълим муассасаларида ташкилот клублари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ёшлар учун таълим, тадбиркорлик, касб-ҳунар соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА