Мамлакатимизда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўплаб хорижлик мутахассислар эътиборида бўлди. Хусусан, бир қатор спорт ташкилотларидан келган мутасаддилар ушбу жараённи кузатиш учун Тошкентдаги қатор сайлов участкаларига ташриф буюрди.

Грузия Олимпия қўмитаси бош котиби Эмзар Зенаишвили, Озарбайжон Олимпия қўмитаси бош котиби Азер Алиев, Россия Олимпия қўмитаси бош котиби Родион Плитухин, Халқаро электрон спорт федерацияси бош директори Влад Маринеско, Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Рай Нассири пойтахтимиздаги қатор манзилларда жараённи кўздан кечирди.

Хорижлик кузатувчилар ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов каби мутасаддилар билан мамлакатларнинг спорт соҳасидаги дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашди.

Ўз навбатида, меҳмонлар сайлов юқори савияда ташкил этилгани, келгусида Ўзбекистон билан муносабатларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирди.

 

ЎзА