2023 йил 9 июль куни мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Эрталаб соат 8:00 дан бошлаб мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 784 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари қизғин руҳда, уюшқоқлик билан ташкил этилди. Сайловда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган юртдошларимиз фаол иштирок этиб, ўз келажаги учун, ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 39 та хорижий давлатдаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 56 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари фаол ташкил этилди.
Президент сайлови бўйича мамлакатимиздаги барча сайлов участкаларида соат 20:00 да овоз бериш якунланди. Фақатгина Ўзбекистоннинг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда. Охирги участка 10 июль Тошкент вақти билан 05:00 да АҚШда ёпилади.
Бу йилги сайловда қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, шунингдек, илк бор янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам иштирок этди. Хусусан, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 34 минг 338 нафар шахсларга овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Мазкур сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди. Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан эса 53 минг нафардан зиёд маҳаллий кузатувчи сайловни бевосита кузатди. Сайловни жами 1 минг 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб борди.
Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида брифинглар ташкил этилди. Уларда сайлов жараёнлари, овоз бериш ҳолати бўйича маълумотлар тақдим этиб борилди.
Жумладан, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров иштирокида бўлиб ўтган брифингда қайд этилганидек, 9 июль 17:00 ҳолатига жами сайловчиларнинг 13 миллион 459 минг 677 нафари ёки 69,85 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг якуний натижалари 2023 йил 10 июль куни эълон қилинади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА