“Российская газета” мухбири Юрий Когалов ЎзА мухбири билан суҳбатда сайлов турли давлатларда катта қизиқиш билан кузатилаётгани, хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилаётганини таъкидлади.
Тажрибали журналист мамлакатимиздаги ўзгаришлар, яқинда бўлиб ўтган умумхалқ референдумининг ҳам юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистондаги ислоҳотларни синчковлик билан кузатиб боришини, жумладан, ушбу сиёсий воқеликлар Россия халқи томонидан илиқ қарши олинаётганини қайд этди.
– Энг аввало, сайловга доир ахборот билан таъминлаш иши яхши ташкил этилганини таъкидламоқчиман. Овоз бериш жараёнларида маҳаллий ва хорижий журналистлар учун барча шароит яратилган. Сайловда янги технологиялар синовдан ўтказилаётганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Ўзбекистонга ташрифимдан ғоят мамнунман. Таассуротларим ажойиб. Айниқса, юзлаб одамлар сайловдан олдин овоз беришга келишлари мени ҳайратда қолдирди.
Сайловга тайёргарлик масалаларига чет эллик кузатувчилар юқори баҳо бермоқда. Буни ахборот ресурсларимизда эълон қилиб боряпмиз. Фикримча, Президент сайлови кўнгилдагидек очиқ ва шаффоф ўтмоқда. Бунда масс-медианинг роли катта, деб ўйлайман.
Бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот воситаларининг эркин ҳаракати сайловнинг янада адолатли ўтишини таъминлайди.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди