Сенатга Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсатни ўрганиш институти бошқаруви раиси Болат Нургалиев ташриф буюрди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан мулоқот чоғида икки мамлакат, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар, кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларига тўхталиб ўтилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, таълим тизимидаги ўзгаришлар, яратилган янги имкониятлар, халқаро ҳамкорлик ва буларнинг янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилгани ҳақида маълумот берилди.
Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этаётган Б.Нургалиев сайлов жараёнлари давомида кўплаб масъуллар билан ўтказган учрашувлари, сайлов участкаларидаги танишувларидан келиб чиқиб, мазкур сиёсий тадбирга жиддий тайёргарлик кўрилганини эътироф этди.
Учрашувда таълим тизимидаги ҳамкорлик, халқ дипломатиясини ривожлантириш, икки мамлакат учун глобал бўлган экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш борасидаги масалалар кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА