Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фавқулодда ва мухтор элчиси Ван Кайвен бошчилигидаги делегация Марказий сайлов комиссиясида бўлди.
Учрашувда халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнлари, унга тайёргарлик кўриш ишлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ван Кайвен, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Сайлов жараёнларига юқори савияда тайёргарлик кўрилган, сайлов комиссиялари ўз фаолиятини сайлов қонунчилигига кўра амалга ошираётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Сайлов кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтмоқда, фуқаролар тақдирига бефарқ эмаслигини билдирган ҳолда участкаларга бирин-кетин келишмоқда.
Сайловларни ўтказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилганини кўрдик. Ўзбекистонга келишимиз билан мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўляпмиз. Аҳоли сайловда жуда фаол, улар келажаги учун бефарқ эмас. Бугун сайлов юқори даражада ўтяпти, чунки фуқаролар ҳам, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти ҳам бу учун ҳаракат қилишмоқда.
Ўтган етти йил давомида сайлов қонунчилиги такомиллашиб, ногиронлиги бор шахсларнинг сайлов жараёнида иштирок этишида имкониятлар кенгайтирилгани, барча шарт-шароитлар яратилганига амин бўлдик. Сайлов участкаларида фуқароларнинг барча қатлами учун тенг имкониятлар бор.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.