ЎзА мухбири Ўзбекистонда давом этаётган сайловни кузатиб бораётган “Pakistan Today” газетаси мухбири Ҳусайн Абрар Миан билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистонда сайлов жараёнлари очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилмоқда. Сайлов участкаларида юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, одамларнинг кайфияти яхши эканига гувоҳ бўлдим. Сайловчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдим. Ҳеч бирида шикоят йўқлигига амин бўлдим. Демак, улар сайлов ҳуқуқини эмин-эркин амалга оширмоқда.
– Ўзбекистондаги сайловнинг Покистонда ўтадиган сайлов жараёнлари билан ўхшаш жиҳатлари борми?
– Албатта бор. Сайловолди тарғиботи ҳамда сайлов куни аҳолининг овоз бериш учун фаоллик кўрсатиши жуда ўхшаш. Покистонда аҳоли гавжумлиги учун ҳам овоз бериш учун узоқроқ навбат кутишади.
Ўзбекистонда ўтаётган сайлов муҳитида дўстона кайфият сезилиб турибди. Покистонда эса сайловда иштирок этадиган партиялар сайлов куни бир-бирига тажовузкорроқ муносабатда бўлишади. Ҳар бир партия сайлов куни ҳам ўзини намоён қилишга интилиб, байроқларини баланд кўтаришга ҳаракат қилади. Бу билан сайловчиларни ўзларига қаратмоқчи бўлишади.
Сўзимнинг якунида Ўзбекистон учун муҳим бўлган ушбу сиёсий жараён муваффақиятли якунланиши ва мамлакатни янги тараққиёт йўлига олиб чиқишга қодир номзод ғалаба қилишига тилакдошман.
Норгул Абдураимова, ЎзА