Бугун юртимизда бўлиб ўтаётган президентлик сайловини жами 1 минг 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда.
Албатта, ушбу сиёсий тадбирнинг очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, хорижий ОАВ вакиллари мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларни кузатиб, таҳлил қилиб, материаллар тайёрлашмоқда. Шу билан бирга, сайловни ташкил этиш ва овоз бериш жараёнларининг бориши хусусида ўз кузатувларини баён қилишмоқда.
Венгриянинг “HIR TV” телеканали мухбири Габор Тот биз билан суҳбатда қуйидагиларни қайд этди:
— Ўзбекистонда сайлов жараёнлари жуда яхши ташкиллаштирилган. Журналистлар учун яратилган шарт-шароитлар мени жуда қониқтирди. Ишлаш учун барча имкониятлар яратилгани, Матбуот маркази юқори тезликда ишлайдиган интернет, компьютерлар билан таъминланганини эътироф этиш жоиз.
Сайлов жараёнини ёритишда Венгрия томошабинлари учун 2 дақиқали репортаж тайёрлаб жўнатдик. У бугун Венгрия янгиликлар телеканалида намойиш этилади. Шунингдек, 20 дақиқа давом этадиган иккинчи репортажни тайёрлаяпмиз. Унда Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари чуқур таҳлил қилинади. У ўзбекистонлик профессор, сиёсат фанлари доктори ҳамда венгриялик халқаро шарҳловчи билан интервьюни ўз ичига олади.
Бугун Тошкентдаги сайлов участкаларидан бирида бўлдим. У ерда жуда кўп журналистлар, медиа вакиллари, халқаро кузатувчилар бор эди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бутун сайлов жараёни юқори даражада ташкиллаштирилган, — дейди венгриялик журналист.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА