Муҳим сиёсий воқелик – Президент сайлови доирасида эрта тонгдан чет элдаги элчихона, консулхоналаримизда ҳам овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида ташкил этилган 29-сайлов участкасига ҳамюртларимиз ташриф буюриб, номзодлар, уларнинг сайлов олди дастури билан яна бир бор танишиб, ўзлари маъқул кўрган номзодга овоз бермоқда.
– Фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқини таъминлаш учун Ўзбекистон Президентлигига овоз бериш жараёни давом этмоқда, – дея маълум қилди Покистон Ислом Республикасидаги элчихонамиз ҳузурида ташкил этилган 29-сайлов участкаси котиби Сарвар Абдураҳимов. – Юртдошларимиз гавжум яшайдиган Карачи ва Лаҳор шаҳарларида муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилиб, туташ ҳудудларда яшовчи фуқароларимиз ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишди.
Белгиланган ҳудудга келиб овоз бераётган ўзбекистонликлар ўз қарори мамлакатимиз равнақи, ёшлар келажаги йўлида муҳим рол ўйнашини таъкидлаган. Исломободдаги 29-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кеч соат 20.00 га қадар давом этади.
Б.Худойбердиев, ЎзА