Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили иштирокида брифинг ўтказилди. Унда сайлов жараёнларида қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида прокуратура ва суд-ҳуқуқ органлари томонидан қонунийликни таъминлашга доир барча чора-тадбирлар кўрилди. Ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар томонидан назорат ишлари йўлга қўйилди.
Ҳозирга қадар сайлов билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари содир этилгани бўйича мурожаатлар бўлмади. Ушбу сиёсий тадбирни ўтказишда қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга устувор аҳамият қаратилди.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази билан ҳам мунтазам алоқа йўлга қўйилгани ва ахборот алмашиниб турилгани таъкидланди.
Бош прокуратура вакили таъкидлаганидек, прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида 24 соатлик узлуксиз навбатчилик иш тартибида ишлар ташкил этилган. Ҳар қандай тадбирнинг тартибли, хавфсиз, осойишта ўтиши муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, сайлов жараёнларида ҳам жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур чоралар кўрилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия вакиллари билан реал вақт режимида ахборот алмашилмоқда. Жамоат тартибининг сақланиши қатъий назоратга олинган.
Бу каби чора-тадбирлар сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқлари тўла таъминланишига хизмат қилади.
Прокуратура органларига 15:00 га қадар 250дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларда асосан ҳуқуқий тушунтиришлар сўралган. Сайлов қонунчилиги бузилишига оид мурожаатлар бўлмади. Агар шундай ҳолатлар содир бўлгани юзасидан мурожаатлар тушса, уларнинг ҳар бирига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА