Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар “Қурилишчи” маҳалласида яшовчи Базар ая Бекбергенова юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлиги учун овоз берди.

Бугунги кунда 103 ёшни қаршилаётган табаррук онахон фарзандлари, 31 нафар невара, 57 нафар эвара ва 4 нафар чевараси ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан 100 ёшдан ошган кекса авлод вакилларидан бир гуруҳи қаторида  “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Нукус шаҳар “Қурилишчи” маҳалласидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 32-сайлов участкаси ҳудудидаги  беморлиги, кексалиги ва ногиронлиги бўлган фуқароларга уйида овоз бериш ташкил этилди. Комиссия аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари Базар ая хонадонига ташриф буюриб, уйида овоз беришига имконият яратди.

–Мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эътибори ҳамда ғамхўрлиги учун давлатимизга миннатдорлик билдираман. – дейди Базар ая Бекбергенова. – Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлсин.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА