9 июль куни мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Анъанага мувофиқ, бу гал ҳам юртимизга кўплаб халқаро кузатувчилар келган. Улардан бири “Associated Press of Pakistan” (АРР) ахборот агентлиги бошқаруви директори Муҳаммад Асим бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.

Суҳбат аввалида муҳим сиёсий воқелик – Президент сайловини атрофлича ёритиш, шунингдек, давлатимизнинг етакчи расмий ахборот агентлиги фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келган покистонлик ҳамкасбимизга юртимизда турли соҳалар қатори медиа маконида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, маданият, санъат, туризм каби соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Муҳаммад Асим “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги ЎзА билан мунтазам алоқани йўлга қўйишдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзаро мулоқот чоғида ЎзА ва АРР шериклигини замон талаби даражасида такомиллаштиришни назарда тутувчи меморандум лойиҳасини тез фурсатда имзолаш, келишув доирасида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги маъқулланди.

– Бугун пойтахтдаги айрим сайлов участкаларида бўлдик ва тўғриси, сайловчилар учун яратилган шароитлар бизни мамнун қилди, – деди жаноб Асим. – Фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, конституциявий ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланиши учун ҳамма нарса шай ҳолатга келтирилганига гувоҳ бўлдик. Биласизми, сайлов – халқ ишончи ифодаси. Эртага ҳар бир фуқаро ўзи муносиб деб билган номзодга овоз беради. Зеро, эркин ва адолатли сайлов демократиянинг муҳим шартидир.

Мулоқот чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг бошқа долзарб жиҳатлари бўйича ҳам фикр алмашдилар.

1947 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган “APP” урду, пуштун, инглиз, синдҳи, араб, сараики ҳамда балоичи тилларида фаолият олиб боради. Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатидан келиб чиқиб, Агентлик ойига мамлакатимиз ҳаётига оид ўртача қирқдан зиёд материал эълон қилиб боради.

Ў.Алимов, Н.Ҳайдаров (сурат), А.Содиқов (видео), ЎзА