Испаниянинг Валенсия шаҳрида жойлашган Ипак музейида “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўли юраги” анжумани ташкил этилди. Тадбирда испаниялик сиёсатчи, мамлакатимизнинг Валенсиядаги фахрий консули, ЮНЕСКОнинг Ипак йўли халқаро дастурлари раҳбари Хосе Мария Чикильо Барбер маъруза қилди.
Жаноб Чекильо Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, муҳташам обидалари, Буюк Ипак йўлининг энг муҳим нуқтаси сифатидаги аҳамияти, юртимизда ипак матолари ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамда ҳунармандлар томонидан асос солинган “устоз-шогирд” мактаблари ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди.
Ипак санъати институти ушбу музейда шу йил октябрь ойида “Ипак йўлидан Маврлар ва Насронийлар байрамигача” кўргазмаси доирасида яна бир қатор анжуманлар ташкил этишни режалаштирган.
Маҳфуза Ортиқова, ЎзА