Бугун пойтахтимизда “Яшил энергетика” соҳасининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Маҳаллий ва хорижлик экспертлар, энерегетика соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ижрочи вице-президенти Абид Малик, БААнинг “Masdar” компанияси бош операцион директори  Абдулазиз Ал-Обайдли, Франциянинг “I-Di-Ef” компанияси вице-президенти Марк Жерар ва бошқалар энергетика соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва унинг натижалари ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг  иқтисодий имкониятларни кенгайтиришда ва қулай инвестицион муҳитни яратишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Қайд этиш керакки, ушбу халқаро анжуман “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилди. Унда Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг замонавий шарт-шароитларда яшаши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, энергетика тизимини реконструкция ва модернизация қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда энергетика тизимига қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш ва бунинг самарасига асосий эътибор қаратилди.

Тадбирда мамлакатимиз энергетика соҳасида ҳуқуқий база яратилганига урғу берилди. Хусусан, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантиришнинг янада янги босқичларига ўтиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасига доир 4 та қонуни қабул қилинди. Шунингдек, сўнгги 4 йилда электр энергетикаси, нефть ва газ йўналишларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 45 та қарори имзоланди. Шу билан бир қаторда, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 40 та қарори қабул қилинди.

Ўтган 4,5 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати
16 миллиард 62 миллион долларга тенг бўлган 34 та битим имзоланди. Бу Ўзбекистонда инвесторлар томонидан 34 та замонавий электр станция қурилади, деганидир.

Ўз навбатида, олиб борилган ишлар натижасида 2021 йилда Навоий вилоятида биринчи йирик 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ва умумий қуввати 1 374 МВт бўлган 6 та янги иссиқлик электр станцияси (жами 1 574 МВт) ишга туширилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов кейинги йилларда энергетика соҳасида қулай инвестицион муҳит яратилаётганига урғу берди.

– Кейинги беш-олти йил ичида биринчи маротаба биз хусусий секторни соҳага олиб кирдик.  Ҳозир тахминан 2  гигабайт энергияга юз фоиз ДХШ асосида хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилмоқда.  Албатта, бу кўрсаткичларни  режалаштирганмиз. Иқтисодий ўсишга эътибор қаратадиган бўлсак, энергетикага бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. 2017 йилдан бошлаб истеъмол эҳтиёжи  ортганини кузатяпмиз ва бу 2030 йилга бориб, бу янада ошади. Шу сабабли, бизнинг махсус дастур асосида генерация ва энергетика самарадорлиги йўналишларида ишлашимиз керак.  Қувват ва электр энергиясини барқарор етказиб беришда бу йўналишлар асосий ҳисобланади. Шунингдек, биз “яшил энергетика”ни ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. 2030 йилгача биз имкониятларимизни икки баробарга кучайтириш мўлжалимиз бор. Соҳа бўйича қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган учрашув натижаларга мувофиқ, гидро лойиҳаларимизни қўшни мамлакатларда татбиқ этмоқчимиз,  – деди энергетика вазири.

Аҳамиятлиси, Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек,  ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли ва барқарор етказиш мақсадида сўнгги 5 йилда қарийб 46 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 14 мингта трансформатор пункти янгиланди Бунинг натижасида эса 7,5 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди.

Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ижрочи вице-президенти Абид Маликнинг қайд этишича,  икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар энергетика соҳасида бир қатор лойиҳаларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Аввало, “ACWA Power” компанияси номидан ушбу тадбирга таклиф этганингиз учун миннатдорлик билдираман. 2005 йилда таъсис этилган компаниямиз қувват йўналиши бўйича инвестиция киритади. Дунёнинг кўпгина давлатларида лойиҳаларимизни амалга оширганмиз. Шундан келиб айтганда, бутун дунёдаги  мулкимиз нархи 78 миллиард долларга тенг ҳисобланади. Биз охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати билан инвестиция киритиш бўйича келишувларга эришдик.  Унга кўра, айни пайтда ишларимизни давом эттираяпмиз, – деди Абид Малик.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири