АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 9 июль куни хорижий мамлакатларга сафарини бошлайди ва бу гал Лондон, Вильнюс, Хельсинкида бўлади. У 11-12 июль кунлари НАТО саммитида иштирок этади.
Вильнюсда Байден саммит олдидан Литва Президенти Гитанас Науседа билан икки томонлама музокара ўтказади, Шимолий Атлантика альянсига аъзо мамлакатлар етакчилари, шунингдек, Европа ва Осиё-Тинч океани минтақаларидаги айрим шерик давлатлар раҳбарлари билан кўришади.
Миллий хавфсизлик бўйича Президент маслаҳатчиси Жейк Салливан брифинг чоғида журналистларга берган маълумотга кўра, мулоқотларда АҚШ раҳбари “НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлашдан тортиб, Альянснинг мудофаа қобилиятини модернизация қилишгача турли масалаларни муҳокама қилади.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан Швециянинг НАТОга аъзолиги билан боғлиқ ҳолат таҳлил қилиниши кутиляпти.
Оқ уй бу учрашувни анонс қилмади, бироқ “Reuters” қисқа суҳбат ташкил этиш устида иш олиб борилаётганини ёзган.
Байден Лондонда Буюк Британия Қироли Карл III билан музокара ўтказади. Бу янги Қиролнинг 6 майда лавозимга киришгандан кейинги илк учрашуви. Шунингдек, Америка етакчисининг Бош вазир Риши Сунак билан кўришиши ҳам режаланган.
Байден Литвадан кейин Хельсинкига ўтиб, Президент Саули Ниинистё билан гаплашади, АҚШ ва Шимолий Европа мамлакатлари саммитида қатнашади.
Дания, Исландия, Норвегия ва Швеция ҳукуматлари раҳбарлари билан хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва технология масалалари кўриб чиқилади.