Швеция ҳалиям НАТО дейди…
Муқаддас Қуръони каримга навбатдаги хуруж Стокгольмнинг ислом дунёси, айниқса Туркия билан шундоғам кескин муносабатини янада мураккаблаштирди.
Анқара ҳалигача Швециянинг НАТОга киришига “оқ йўл” тиламаган, Стокгольмнинг умиди шу кунгача сўнмаган эди, буёғи нима бўлади, номаълум. Воқеага аксарият араб давлатлари ҳам муносабат билдирди. Марокаш Стокгольмдаги элчисини номаълум муддатга чақириб олди, Швециянинг Ироқдаги элчихонасига ҳужум уюштирилди…
Бир йил аввал содир этилган “ёқиш маросими”га Швециянинг ички иши, деб қаралган эди. Энди бу “оддий ҳол”га айланиб қолдими?
Аслида акциянинг ибтидосини Даниядан ахтариш керак.
“Қатъий курс” партияси асосчиси, сиёсатчи Расмус Палудан 2018 йил исломга қарши намойиш ўтказади. Аҳоли кўз ўнгида муқаддас китобни йиртиб, уни ёқаётиб, ғарблик бўлмаган мигрантларни Қиролликдан чиқариб юбориш, мамлакатда исломни тақиқлаш мурожаати билан чиқади, полиция эса уни зимдан кузатиб туради. Намойиш тинч ўтади, кейин ҳам “мушт кетди” бўлмайди.
2022 йил апрелда Дания фуқаролигини олган Палудан пасха байрами кунлари Қуръонни Швециянинг Линчёпинг шаҳрида ёқишни режалайди. Маҳаллий мигрантлар жамоати қабиҳ ниятдан хабар топиб, бунга йўл қўймайдилар. Оммавий тартибсизлик бошланиб кетади.
Бир неча кун давомида полиция ходимлари таъқибга учрайди, мигрантлар уларнинг машиналарига ҳужум уюштиради, тош, қўл бола портловчи моддалар отилади.
Шу йил январь ойида Туркия элчихонаси яқинида яна Палудан содир этган “амал” такрорланиши нафақат мамлакатда, балки ташқарида ҳам акс-садо бергани ҳали кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Бош вазир Ульф Кристерссон анча вақт сўз эркинлиги демократиянинг бир қисми, дея ҳодисани оқлаган бўлса, воқеанинг эртаси куни Ташқи ишлар вазирлиги “Швеция ҳукумати айрим шахслар томонидан содир этилган исломофобик актларни қатъиян рад этади, ушбу акт ҳеч қандай тарзда Швеция ҳукумати нуқтаи назарини акс эттирмайди”, дея баёнот берди.
Палуданга нисбатан чора кўрилмади. Британия ҳукумати Рамазон ойининг биринчи куни Уэйкфилд шаҳрида “ўша номерини ўтказмоқчи” бўлганини эшитиб, унинг мамлакатга киришини тақиқлади.
Швециядаги охирги “намойиш” унинг иштирокисиз ўтди.
Бу гал келиб чиқиши ироқлик мигрант Салвон Момика “ҳунар” кўрсатди. У Қурбон ҳайитининг биринчи куни …режасини амалга оширди. Полиция ўша заҳоти Салвонни қўлга олди. Бу ўзига хос натижа, ютуқ эди.
Туркия маҳаллий полиция “ёқиш”га рухсат бергани учун исён кўтарди. Швеция ОАВ “полиция рухсат берган эмас”, балки шу билан боғлиқ намойиш ўтказишни маъқуллаган”, дея қабиҳ акцияни хас-пўшлашга уринди.
Туркиянинг воқеага муносабати жўнгина: Швеция НАТОга киришни истамаяпти!
Туркия – Швеция музокарасида шведларнинг исломга муносабати муҳим эмас. Анқарани кўпроқ курд жангарилари қизиқтиради. Террорга аралашиб қолган фуқароларини қайтаришни талаб қилади, холос.
НАТОга ариза бергунига қадар Туркия ва бошқа мусулмон давлатларини Қиролликдаги диний озчилик ҳуқуқлари қизиқтирмаган. Анқара Швеция – НАТО муносабати мавзуси очилгандаёқ, ўз фикрини шакллантириб қўйган эди.
Ким ўртага тушишидан қатъи назар, Туркияни фикридан қайтара олмайди.
Шведлар эса эртами-кеч “сўз эркинлиги” ва Шимолий Атлантика альянси ўртасидаги танловга нуқта қўйишга мажбур бўлади…
Отлар кечувда алмаштирилмайди…
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг лавозими яна бир йил узайтирилгани унинг юқори малакали мутахассислигидан келиб чиқмайди, балки шахсий истагига кўра амалга ошди, дейишяпти экспертлар. Шимолий Атлантика альянсининг, ойлардирки, Бош котибликка номзод масаласида келиша олмай гарангсиган 30 аъзо мамлакати учун бу энг осон ечим.
Номзод ҳақида якдил фикр йўқ экан, энг мақбули синовдан ўтган вариантни қабул қилиш, деди ўтган ҳафта Германия мудофаа вазири Борис Писториус Брюсселдаги НАТО йиғилишида.
Столтенберг 2014 йилдан бери Альянсга раҳбарлиги даврида кўплаб инқирозларни енгиб ўтишига тўғри келди. Ҳатто, бир неча ой муқаддам “лавозимим муддатини узайтиришга қарши чиқаман”, дея баёнот беришга ҳам улгурди.
Қарор эълон қилинди, қолгани чикора. 5 июль куни 64 ёшли сиёсатчи ижтимой тармоқда “ўзини хушомадли ҳис қилаётганини” ёзди. Экспертлар йиғилишда шаънига айтилган мадҳ уни маст қилган, дейишди. Айниқса, АҚШ Йенснинг етакчилик хусусиятига юқори баҳо берди.
Украина ҳукумати ҳам кечиктирмасдан табрик йўллади.
Альянс етакчиси қурол-яроқ ва ҳарбий техника етказиб беришда Киевни “қанча зарур бўлса” шунча қўллаб келяпти. Аксарият иттифоқдошлар Украинада инқироз давом этар экан, бундай раҳбарни алмаштириш ғояси тузук иш эмас, Столтенберг лавозимида “қанча зарур бўлса”, шунча қолсин, дейишди. Отлар кечувда алмаштирилмаганидек…
Аслида Норвегия собиқ Бош вазирининг бошқа режаси бор. 2022 йил у Брюсселдаги лавозимини топшириб, мамлакати Марказий банкини бошқаришга бориши керак эди. Ўшанда у муносиб номзод топилмаган учун жорий йил ёзигача ваколати узайишига розилик беради…
Тўққиз йил аввал бош котибликка келган сиёсатчи ўша пайтдаёқ Россия – Украина муносабатида из қолдирган. Москва Қримни эндигина аннексия қилган, Донбассдаги хайрихоҳларини қўллаб-қувватлаётган давр эди. Ўшанда Столтенберг “Россия билан конструктив муносабат” ўрнатиш фикрини билдиради. Кейинги йилларда эса бу ҳақда оғиз ҳам очмайди.
Энди эса НАТО шарқини Россия таҳдидидан ҳимоя қилиб чиқмоқда.
…НАТО қароргоҳида дипломатлар Бош котибни ички низоларни ҳал этишда муваффақиятли воситачи, дея алқашади.
Бошқа томондан у Макроннинг НАТО “мия ўлими”, Трампнинг Альянсни тарқатиб юбориш керак каби баёнотларига чидаб келяпти. Бот-бот аъзо давлатлар ҳукуматларини ваъдаси устидан чиқишга чақириб туради. Ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизини мудофаага сарфлаш зарурлигидан огоҳлантириб келади.
Ўтган йил февралда кескин ўзгарган вазият НАТО тушунчасига янги маъно киритди, Альянснинг молиявий тартиби янгиланди. Бош котиб фаолиятида туб бурилиш ясалди…
Кечаги қарорга кўра, Столтенберг 2024 йил куздагина лавозимни тарк этади, келаси йил эса Вашингтонда НАТОнинг 75 йиллиги нишонланади. Санани муносиб ўтказишни тажрибали Столтенбергдан бошқасига ишониб бўлмайди. Эҳтимол, ўша кун келиб, норвегиялик мансабдордан яна бир йил “хизмат қилиб бериш” сўралар…
Аввал ҳам таъкидлаганмиз – номзод кўп, гап саралаб олишда қолган.
Кейинги йил Столтенберг лавозимидан кетса-кетмаса НАТОни ўн йил бошқарган шахс сифатида тарихга киради.
Бу борада рекордчи Шимолий Атлантика альянсига “совуқ уруш”нинг авж палласида ўн уч йил – 1971-1984 йиллари раҳбарлик қилган нидерландиялик Йозеф Лунс.
Балки, Столтенберг янги рекорд ўрнатишга ҳозирланаётгандир? Тағин, ким билсин?..
Йигирма йилдан кейин такрорланган ҳужум…
“Биз ишғол остидаги Ғарбий соҳилда жойлашган Женин шаҳрига, айниқса аҳоли зич яшайдиган қочқинлар лагерига ҳаводан ва қуруқликдан уюштирилаётган ҳужумдан хавотирдамиз”, дея баёнот берди 4 июль куни БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси расмий вакили Ванесса Хьюгенин. Бу халқаро ташкилотнинг Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) йигирма йил деганда Иордан дарёси Ғарбий соҳилига қарата уюштирган энг йирик ҳужум-акциясига муносабати эди.
Исроил томони Женин аксил террор амалиётида исломий гуруҳларнинг ўн иншооти нишонга олинмоқда, бу шаҳарни “террорчилар ўзларини хавфсиз ҳис этадиган жойга айлантириб олишган”, деди ЦАХАЛнинг Европа бўлими матбуот котиби Мария Михельсон.
3 июлда бошланган ҳужум оқибатида ўнлаб инсонлар вафот этди, юзлаб одамлар яраланди. Қизил Ярим ой ташкилоти қочоқлар лагерларидан юзлаб оилаларни бошқа жойларга кўчирганини маълум қилди.
Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) Исроил билан барча алоқани узди, деб хабар берди “Wafa” агентлиги.
Мухторият раҳбари Маҳмуд Аббос БМТ – ЕИ – АҚШ ва Россия иштирокидаги “Яқин Шарқ квартети”ни зудлик билан тиклаш ташаббуси билан чиқди.
Таҳлилчилар ЦАХАЛнинг бу галги амалиёти аввалгиларидан анча фарқ қилишини қайд этишади. Аввало, операция ХАМАС назорати остидаги Ғазо секторидаги фаластинликларга қаратилмаган, Тель-Авив билан мулоқотда бўлиб келаётган Аббос бошчилигидаги Ғарбий соҳилда жойлашган ФАТХга қаратилган.
Иккинчидан, ҳужум қуруқлик, авиация ва махсус кучлар иштирокида кенг миқёсда олиб бориляпти. Шунинг учун ҳам бу ҳаракат йигирма йил аввал ЦАХАЛ Ғарбий соҳилда Ёсир Арофат бошқарган ФАТХга қарши қўлланган амалиёт билан солиштирилмоқда. Ўшанда жанг бир ярим ой давом этган ва 500 фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлган.
“ФАТХ Исроилга ташвиш келтирмаётган эди, нега энди бирдан уруш бошлаб юборилди?”, деган саволга таҳлилчилар тўрт тахмин кўрсатишди.
Биринчидан, сўнгги йилларда Женинда вазият кескинлашди. Иордан дарёси ғарбий соҳилида уч миллионга яқин фаластинлик ва тўрт юз минг атрофида исроиллик кўчманчи истиқомат қилди. Уларнинг турмуш шароити ҳар хил.
Шаҳарда ФАТХдан ташқари ХАМАСчилар, “Исломий жиҳод” ташкилотлари ва бошқа гуруҳ вакиллари бор, дейилади.
Иккинчидан, Исроилнинг ўзида қарама-қаршилик ва келишмовчилик етарли. Йил бошидан ҳукумат ҳуқуқ ислоҳотига оид қонун лойиҳасини ўтказолмай ҳуноб. Ҳужжат парламентдан ўтса, суд ҳокимияти мустақиллигига путур етади. Хуллас, ички муаммо бисёр.
Учинчидан, янги Исроил ҳукумати ўзига хос хусусиятга эга. Ҳарбийлар кучли Фаластин Мухторияти Исроил хавфсизлиги ва фаластинликлар фаолиятида сезиларли роль ўйнамоқда, деб ҳисоблашади.
2022 йил декабрда ҳукумат бошига келган Нетаньяхунинг вазирлари орасида Фаластин мухториятига нисбатан қатъий, кескин ёндашадиганлар бор. Улар маъносиз музокарадан кўра, қуролли сиёсат тарафдори.
Ва охиргиси – ташқи омил. Гап Украина атрофидаги зиддият ҳақида кетмоқда. Европадаги Исроилнинг куч ишлатишини мудом танқид қилиб келадиган ҳукуматлар бироз чалғиб қолишди.
Дарвоқе, экспертлар Хитойнинг бевосита кўмаги ва қўллаб-қувватлаши натижасида Эрон – Саудия муносабати яхшиланаётганини ҳам назардан четда қолдиришмаяпти.
Агар Теҳрон ва Ар-Риёд минтақавий келишмовчиликни ҳал этса, Фаластиндаги эронпараст ва саудияпараст кучлар Исроилга қарши курашда кучни бирлаштириш эҳтимоли юқори.
Ва кўп йил “отда” бўлиб келган Исроилнинг “хонлик” рутбасига жиддий зиён етиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Тель-Авив “подадан олдин чанг кўтараётгандир”?..
Бугунча шу.
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси