Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда МСК раиси сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда овоз бериш бошлангани хусусида маълумотлар берди.
— Бугун эрталаб соат 8:00 да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 784 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради ва сайловчилар овоз беришга киришди, — деди З.Низомхўжаев. — Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 39 та хорижий давлатдаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 56 та сайлов участкаси, хусусан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари иш бошлади. Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд, Ҳиндистон ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.
Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан барча сайлов округлари ва сайлов участкалари ўртасида мунтазам алоқа йўлга қўйилган.
Жорий йилдаги сайловда сайловчилар рўйхатига жами 19,5 миллиондан ортиқ сайловчи киритилган.
Шунингдек, раис сайловда иштирок этаётган халқаро кузатувчилар ҳақида ҳам маълумот берди. Қайд этилганидек, мазкур сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.
Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан эса 53 минг нафардан зиёд маҳаллий кузатувчи сайловни бевосита кузатмоқда. Сайловни жами 1 минг 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА