Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази ҳамда Шинжон экология ва география институти ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида Қорақалпоғистон ҳудудида цистанхе ўсимлигини тажриба асосида етиштириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур институт олимлари ва мутахассислари гуруҳи Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Халқаро инновация маркази директори Б.Ҳабибуллаевнинг меҳмонлар билан учрашувида цистанхе доривор ўсимлигини етиштириш бўйича тайёргарлик чоралари муҳокама қилинди. Меҳмонлар Чимбой туманига ташриф буюриб, ўсимлик ўсадиган жойларни ўрганди. Туман ҳокимлигида режалаштирилган тадбирни амалга оширишнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Илмий гуруҳ ташрифининг иккинчи кунида Орол денгизининг қуриган тубига экспедиция ташкил этилди. Бу ерда иштирокчилар яратилган ўрмон плантацияларининг турли жойларига ташриф буюрди ва цистанхени етиштириш учун мақбул жойларни ўрганди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА