Хабар берганимиздек, 3-7 июль кунлари пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конференциялар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманга Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси – Лорд Уортон, жаҳонга машҳур телебошловчи – Али Аслан, халқаро муносабатлар соҳасида катта тажрибага эга – сэр Девид Ричмонд, халқаро сиёсий эксперт ва стратег – Жорж Айжан, халқаро журналист – Стивен Коул каби жаҳонда таниқли модераторлар жалб этилган.
Ҳафталикнинг медиа ҳамкори ҳисобланган “CNN” телеканали Ўзбекистон маданий мероси, туризмни ривожланишдаги ўрнига бағишланган тадбир, давра суҳбатлари ҳамда кўргазмаларни ёритиб бормоқда. ЎзА мухбири телеканал журналисти, “Adspace” савдо бўйича директори Имрон Аҳмад фикрларини ёзиб олди.
Эксперт ташкил этилаётган учрашув, тақдимотлар Янги Ўзбекистонда кузатилаётган янги босқичдаги ислоҳотларни юқори баҳолади. У Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлганини таъкидлаб, маданий мерос ҳафталиги мамлакатни халқаро инвесторлар ёки келишни истаган сайёҳлар учун янада қизиқарли платформа бўлишига ишонч билдирди.
Имрон Аҳмад, шунингдек,мамлакатимиз билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш, муҳими ўзини дунёга танитиш имкониятини ошираётган Ўзбекистонда салоҳият мавжудлигини урғулади. Бундан ташқари, журналист Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларимизни ноёб хазина дея эътироф этиб, ушбу масканларни бутун дунёга кўрсатиш истагида эканини маълум қилди.
Видеолавҳада батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА