“Ўзбекфильм” киноконцерни ҳудудидаги “Event-hall” биносида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Абдувоҳид Ғаниев томонидан суратга олинган “Доктор Абдуллаев” бадиий фильмининг тиббиёт ходимлари учун махсус премьераси бўлиб ўтди.
Мазкур фильмда бош ролни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримов ўйнаган. Фильмдаги ролларни Собир Отажонов, Ғайрат Боймирзаев, Мукаррам Бекмуродова, Нигина Анорбоева, Ҳусан Мақсудов, Машкура Зулфиқорова, Барно Қодирова, Ўткир Менглиев, Шафоат Раҳматуллаева ва бошқа актёрлар ижро этган.
–Ушбу картина асосан Наманганда суратга олинган бўлиб, шифокорларнинг машаққатли меҳнати ҳақида ҳикоя қилади, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримов. – Пандемия ва ундан кейинги вақт мобайнида мураккаб вазиятнинг ўзи шифокорлар меҳнати нечоғли заҳматли эканини кўрсатиб берди. Мен ижро этган бош қаҳрамон – доктор Абдуллаев ҳам умр мазмунини одамларга ёрдам беришда деб билган инсон эканлиги аҳамиятлидир. Қаҳрамонимнинг нечоғли фидойи, ҳалол инсон эканини баҳоли қудрат кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим.
Дарҳақиқат, картина шифокорлик меҳнатининг оғир ва машаққатли жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилиши, ҳаётийлиги ва таъсирчанлиги билан томошабинларга манзур бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА