Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати қўмитаси раиси А.Шакиров билан учрашди.
Учрашувда С.Сафоев икки қардош халқнинг тарихий муносабатлари, парламентлараро ҳамкорлик масалаларига тўхталди. Республикамизда ўтказилган референдум, Конституцияни янги таҳрирда қабул қилишдан мақсад халқимиз турмуш тарзини янада яхшилаш, улар ҳар томонлама давлат ҳимоясида бўлишини Бош қомусимиз билан мустаҳкамлаб қўйиш эканини қайд этди.
Ўз навбатида, Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юртимизга келган А.Шакиров кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, яхши қўшничилик, парламентлараро ҳамкорлик борасидаги ишлар юзасидан ўзининг ижобий муносабатини билдирди.
Бўлажак сиёсий тадбирнинг муҳимлигига эътибор қаратиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг ташкилий даражасига юқори баҳо берди.
Мулоқот давомида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, Орол минтақасидаги сув муаммосини ҳал этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби масалалар, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА