Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлар ва халқлар манфаатларини бирлаштирувчи энг ёш тузилмалардан бири ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамасдан, ўтган 22 йиллик вақт давомида ташкилот ривожланишнинг узоқ ва салмоқли йўлини босиб ўтди ва глобал сиёсий ҳамда иқтисодий воқеликнинг ажралмас қисмига айланди.
Бугунги кунда ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 35 миллион квадрат километрдан ошади. ШҲТ мамлакатларининг умумий аҳолиси 3,2 миллиард кишини ташкил этади, бу эса дунё аҳолисининг қарийб ярмидир. Шунингдек, ШҲТнинг катта оиласи уч қитъани – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларнинг ушбу тузилма билан у ёки бу форматда ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқиши тобора ўсиб бормоқда.
ШҲТ минтақаси – бу улкан иқтисодий имкониятлар майдони, ташкилотга аъзо барча мамлакатлар узоқ муддат давомида барқарор ривожланиши учун платформа ва ресурс базасига эга ҳудудлардир. Бугунги кунда харид қобилияти паритети бўйича жаҳон ялпи маҳсулотининг учдан бир қисми, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг қарийб 27 фоизи ва жаҳондаги савдо ҳажмининг 20 фоизи ШҲТ улушига тўғри келади.
Жорий йил 4 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлиси ва унда эришилган келишувлар ташкилот фаолиятини ҳам географик ҳам иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан кенгайишига сабаб бўлганлиги билан янада аҳамиятлидир. Хусусан, ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, видеоанжуман шаклидаги мулоқот давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкилот фаолиятини янада кенгайтириш, унинг бор куч ва имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган саккизта ташаббус илгари сурилди.
Президентимиз ўз нутқида дастлаб, ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши янги шароитларда устувор вазифаларни белгилаб олиш, кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича умумий ёндашувлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бериши таъкидланди.
Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар саноат ва инновацион тараққиёт кўрсаткичлари бўйича улкан интеллектуал салоҳиятга, энергетика ва аграр соҳада бой ресурсларга эга эканлигини ҳисобга олиб, ШҲТнинг инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва саноатнинг бошқа истиқболли тармоқларини қамраб олувчи Янги иқтисодий мулоқот дастурини қабул қилиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, ШҲТ давлатларининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигига доир ягона харитани ишлаб чиқиш, “Яшил белбоғ” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлаш ҳамда туризмни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Умуман, олганда ташкилот раҳбарларининг минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун бундай самарали мулоқот платформаларидан фойдаланиши нафақат ШҲТга аъзо мамлакатлар аҳолиси, шу билан бирга кўплаб минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мавлуда Адҳамжонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА