Мамлакатимизда 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан қатор халқаро кузатувчилар, хорижий давлатлар делегациялари юртимизга ташриф буюриб, сиёсий жараёнга тайёргарлик ишларини кўздан кечирмоқда, учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, бугун Марказий сайлов комиссиясида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган кузатувчилар билан қатор учрашувлар ўтказилди.
Улар қаторида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош Котиби С.Лебедев ҳамда МДҲ ПА Бош котиби, МДҲ ПА Котибияти раҳбари Д.Кобицкий бошчиликларидаги миссиялар ва Беларусь Республикаси МСК Раиси У.Корпенко раҳбарлигида делегация ташриф буюрди.
Учрашувда 9 июль куни ўтказиладиган муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қонунчилик талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани ҳақида маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, кузатувчилар томонидан сайловчиларнинг сайловга оид ахборотлар билан юқори савияда таъминланганлиги, бир қатор сайлов участкаларида биометрик-идентификация қурилмаларидан тажриба синов тариқасида фойдаланиш йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Халқаро ва хорижий кузатувчилар Ўзбекистонга ташрифи мобайнида сайлов участкаларида бўлиб, 9 июль куни сайловни ўтказиш жараёнини кузатиб боради ҳамда кузатувлари юзасидан тегишли хулосалар ва тавсияларини беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА