“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” халқаро анжумани доирасида ташкил этиган иккинчи сессия – “Самарали миграция сиёсати: хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида бўлди.
Мазкур тадбирда бугунги кунда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини янги босқичга кўтариш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилаларига жорий қилинган имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.Хориждаги меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартиби миграциянинг барқарор ривожланишга ижобий ҳиссасини қўшиши эътироф этилди. Дарвоқе, БМТнинг 17 Барқарор ривожланиш мақсадидан 11 таси миграция ва кўчувчанлик учун қўлланадиган мақсад ва кўрсаткичларни ўз ичига олиши билан аҳамиятлидир.
Халқаро конференция қатнашчиларига республикамизда айни соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди, маъруза ва тақдимотлар қилинди. Чет давлатларда фаолият юритаётган, таҳсил олаётган ҳамюртларимизга яратилган шарт-шароитлар, хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан олиб бориладиган муҳим чоралар ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, хориждан қайтган меҳнат мигрантларига “Маҳалла – меҳнат органлари–сектор–Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали” тизими асосида 479,2 минг нафар фуқарога бандлик хизматлари кўрсатилиб, 388,3 минг нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилган. 19,4 минг фуқарога эса тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратишга кўмаклашилди, 15 минг нафарига бандлигини таъминлаш учун субсидия ажратилган ва 56,5 минг нафари касбга ўқитилган.
Тадбир давомида хорижий экспертлар ҳам нутқ сўзлаб, бугунги тахликали замонда нафақат айни бир қитъада, балки бутун дунёда самарали миграция тизимини мувоффиқлаштириш зарурлигини таъкидлади. Тизимда амалга оширилаётган ишлар хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш, мухожирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янгича ёндашув сифатида хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Жумладан, БМТ Кун тартибидаги мақсадлардан бири, айнан, тартибли, хавфсиз, қонуний ва масъулиятли миграция ҳамда инсон ҳаракатчанлигини, миграция сиёсатини амалга ошириш орқали рағбатлантиришга ундашдир. Шу боис, турли мамлакатларда мазкур мавзуда халқаро даражадаги анжуманлар, давра суҳбатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА