Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 7 июль куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Тошкент вилояти бўйича ишончли вакили Сайёра Файзиева очди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, одамларнинг турмуш сифатини ошириш бўйича эришилган натижаларни эътироф этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастур бешта стратегик мақсадни қамраб олган:

Биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Иккинчи мақсад – одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш. Тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш. Бешинчи мақсад – Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат.

Номзод мазкур йўналишларнинг ҳар бири бўйича Тошкент вилоятига оид режаларини баён этди. Умуман, бу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун алоҳида етти йиллик дастур қабул қилиниб, унга зарур маблағ йўналтирилиши айтилди.

Сайловолди дастурида вилоятда боғча ва мактаб муаммоларига ечим топишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

– Келгуси етти йилда Тошкент вилоятининг барча маҳаллаларида боғча ва мактаб муаммоси тўлиқ ҳал қилинади. Бунинг учун қўшимча 60 минг ўринли 1 мингдан зиёд боғчалар фаолияти йўлга қўйилади.

Мавжуд мактаблар қувватини ошириш ва янгиларини қуриш ҳисобига 100 минг ўқувчи ўрни яратилади ва 35 нафардан кўп бола таълим оладиган синф қолмайди (ҳозирда бундай синфлар сони 3 мингта). Вилоятдаги 188 та мактабга спорт заллари қуриб берилади, – деди номзод.

2030 йилга қадар вилоятдаги 350 дан зиёд маҳаллада 4 минг километр ички йўллар ва 100 дан зиёд кўприклар қурилиши ва таъмирланиши маълум қилинди.

– Узунлиги 5 минг 100 километр бўлган электр тармоқлари ва 1 минг 400 та трансформатор янгиланади. Бунинг ҳисобига 250 минг аҳоли хонадонида электр таъминоти яхшиланади. Бундан ташқари, 5 минг 200 километр ичимлик суви тармоғи, 750 километр оқова тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Натижада 100 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган тармоқлар орқали ичимлик суви кириб боради, 800 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, – деди номзод.

Учрашувда Бекобод, Хўжакент ва Ангрен йўналишларини пойтахт билан боғлайдиган электропоезд ҳаракати йўлга қўйилиши айтилди.

– Бугунги кунда Тошкент вилоятида бундан 30-40 йил олдин олиб келинган 4 та электропоезд ҳаракатланмоқда. Шу боис, одамларимизнинг узоғини яқин қилиш, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш мақсадида электропоездлар тўлиқ янгиланади. Жумладан, 2024 йилдан Бекобод, Хўжакент ва Ангрен йўналишларини пойтахт билан боғлайдиган 10 та электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳудудда электр энергияси таъминотини янада яхшилаш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилади.

– Саноат корхоналарини барқарор энергия билан таъминлаш учун Саудия Арабистони ва Хитой инвесторлари иштирокида 1,5 миллиард доллар сармоя ҳисобига Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Бўкада жами 1,7 минг Мегаваттли 3 та қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шу билан бирга Ангрен иссиқлик энергия станциясида 600 Мегаваттли 2 та кўмирли энергоблок, Бўстонлиқ туманида 900 Мегаваттли ГЭСлар барпо этилади, – деди номзод.

Номзод Ўзбекистонда қурилиш соҳасини ривожлантиришга оид режалари ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.

– Келгуси етти йилда мамлакатимиз бўйича 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш бўйича катта марраларни белгилаб олганмиз. Бунда “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказилиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйлар барпо этилади. Бунга қўшимча равишда 700 мингта хусусий уй-жойлар барпо этилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда келгуси етти йилда Тошкент вилоятида 40 мингта хонадонга эга ижтимоий уйлар қурилиши маълум қилинди.

– Хабарингиз бор, “Менинг биринчи уйим” дастури бўйича илк катта лойиҳа қурилишини Тошкент вилоятидан бошлаяпмиз. Нега айнан Тошкент вилоятини танладик? Сабаби, ҳозирнинг ўзида вилоятдаги 24 минг оилада уй-жойга талаб бор. Бундан ташқари, ҳар йили яна 25 мингта янги оила пайдо бўлмоқда.

Келгуси етти йилда “Менинг биринчи уйим” дастури доирасида Тошкент вилоятида жами 40 мингта хонадонга эга ижтимоий уйлар қурилади. Умуман, келгуси йилдан бошлаб, бошқа вилоятларда ҳам камида 100 минг оилага мўлжалланган худди шундай ижтимоий уйлар барпо этилади, – деди номзод.

Реновация дастурлари одамларнинг розилигини олган ҳолда қабул қилиниши айтилди.

– Биргина Тошкент вилоятидаги жами 5 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг ярми бундан 50 йилдан олдин қурилган. Шу боис, йил якунигача ушбу уйларнинг жорий ҳолати, жумладан, зилзилага чидамли эканлиги тўлиқ ўрганилади. Умуман, аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг розилиги билан хизмат муддатини ўтаб бўлган массивларни янгилаш бўйича ишларни амалга оширамиз. Албатта, бу жиддий масала. Шунинг учун реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиши керак. Шу мақсадда реновация дастурлари фақат ва фақат одамларимизнинг розилиги ва кенг жамоатчилик фикрини олган ҳолда қабул қилинади, – деди Шавкат Мирзиёев.

2025 йилга қадар 25 та шаҳарнинг, 2030 йилгача эса барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш тўлиқ якунланиши маълум қилинди.

– “Бош план”ларни ишлаб чиқиш жараёнлари аҳоли ва тадбиркорлар учун очиқ-ошкора ва шаффоф бўлади. Бунинг учун алоҳида портал ишга туширилиб, уларнинг ташаббус ва таклифлари, албатта, инобатга олинади. Бу мақсадларга келгуси етти йилда икки триллион сўм йўналтирамиз, – деди номзод.

Учрашувда партия вакиллари ва меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА