Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига 2 кун қолди. Ушбу муҳим сиёсий тадбир юртимиз эртаси, келажагимиз фаровонлигига хизмат қиладиган ҳал қилувчи палла. Шу боис ҳам сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, маҳаллий ва хорижий эксперт ва кузатувчилар ушбу жараёнга катта қизиқиш билан қарамоқда. Жумладан, қатор халқаро кузатувчилар, хорижий давлатлар делегациялари юртимизга ташриф буюриб, сиёсий тадбирга ҳозирлик жараёнларини ўрганмоқда.

Куни кеча Марказий сайлов комиссиясида муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Ҳиндистон делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоров, комиссия аъзоси Г.Раҳимова, Ҳиндистон сайлов комиссияси сайлов комиссари Пандей Ануп Чандра, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхатлар иштирок этди.

Мулоқот давомида делегация аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Ўз навбатида, кузатувчилар томонидан сайловчиларнинг сайловга оид ахборотлар билан юқори савияда таъминлангани, бир қатор сайлов участкаларида биометрик-идентификация қурилмаларидан тажриба синов тариқасида фойдаланиш йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА