Канада ўрмонларида ҳозир юз бераётган ёнғин ушбу мамлакат тарихидаги энг хавфлиси бўлиши мумкин. Бу ҳақда фавқулодда вазиятларга тайёргарликни таъминлаш вазири Уильям Блэр журналистлар учун уюштирилган брифингда маълум қилди. “Шуниси маълумки, 2023 йил Канада тарихидаги энг ёмон ўрмон ёнғини мавсуми кузатилди”, – деди у.
Мулозимнинг табиий офат билан боғлиқ вазият бўйича июль-август ойлари учун башорати ҳам хавотирли: – Прогноз шуни кўрсатмоқдаки, кейинги икки ой ҳам ёнғин фаоллиги кучли бўлади. Мамлакатнинг аксарият ҳудудида қуруқ об-ҳаво, юқори ҳарорат туфайли ёнғин пайдо бўлиш хавфи сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, вазиятни чақмоқли ёмғир ҳам ёмонлаштириши мумкин, чунки ўрмон кўпинча қуруқ шох-шаббага яшин урилиши натижасида ўт олади.
Вазир айтишича, айни пайт қайд этилган 648 фаол ёнғин ўчоғининг 339 таси ҳозирча назоратга олинмаган. Ёнғин жами 8,8 миллион гектар ҳудудни кулга айлантирди, 4,5 мингдан зиёд одам уй-жойини тарк этди. Аҳолининг бир қисми шахсий турар-жойидан бутунлай айрилган.