Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Парижга ташрифи давомида Франция Нью-Деҳлига қирувчи самолёт ҳамда сув ости кемаси етказиб бериши юзасидан ҳужжат имзоланиши мумкин. Модининг 14 июль куни Парижда миллий байрам муносабати билан уюштириладиган парадда фахрий меҳмон бўлиши кутиляпти.
“BFM TV” хабарида келишув 26 та “Rafale” жанговар самолёти ва “Scorpene” синфидаги олтита дизель-электр субмарин етказиб берилишини кўзда тутиши таъкидланган.
Дарвоқе, бу иккки шерикнинг ҳарбий саноат йўналишидаги муносабати бой тарихга эга. Илгари Франция Ҳиндистонга “Mirage III” ва “Mirage 2000” жанговар самолёти экспорт қилган. 2016 йил Париж ва Нью-Деҳли қиймати 8 миллиард еврога тенг 36 та “Rafale” хариди тўғрисида шартнома имзолаган. Сув ости кемаси бўйича музокара эса саккиз йилдан буён давом этмоқда.
Энди Нью-Деҳли Франциянинг “Dassault Aviation” компанияси таклиф қилаётган “Rafale” ва Американинг “Boeing” корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилаётган “F-18” самолётларидан бирини танлаши керак, дейилади хабарда.