“Кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қилса, Мўйноққа (Қорақалпоғистонга) келиб кўрсин!”

Шавкат Мирзиёев. (“Мўйноқ порлоқ текс” масъулияти чекланган жамияти тикувчилик корхонасини ишга тушириш маросимидаги нутқдан)

Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг XI сьезди Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади. Партия матбуот хизмати тарқатган хабарда номзоднинг сайлов олди дастуридан Ўзбекистонда барпо этилиши режалаштирилган бир қатор “мегалойиҳалар” ўрин олгани таъкидланган. Келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий бренд билан махсус экспорт зоналари ташкил қилиниши, истиқболли стратегик мега-лойиҳалар – Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи, Оҳангаронда мисни қайта ишлаш кластери, Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари, Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хомашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Қорақалпоғистонда Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлаши қайд этилган. Ҳозир ана шу йирик саноат мажмуаларидан бири – Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида янгидан бунёд этилаётган Тебинбулоқ тоғ-металлургия мажмуаси ҳақида сўз юритамиз.

Анча йиллардан буён Ўзбекистон пахтага бой, мева-чеваси мўл, қовун-тарвузи, анор-у узуми сероб, ҳатто, пилла, тилло, урани ҳам бор-у, аммо йирик иншоотларнинг нақ умуртқа поғонаси – темир, металл улашишда табиат бизни четлаб ўтибди, деб ўксир эдик. Катта ва мустаҳкам пойдевор, қавати баланд уй, автомобиль ва темир йўл, дарё, анҳор узра кўприк барпо этиш учун темиримиз йўқ, деб куюнардик. Асоссиз бўлиб чиқмоқда бу афсус-надоматларимиз.

Қорақалпоғистондаги ер қаърида ётган Тебинбулоқ темир кони ҳақиқатан катта захираси, сифат кўрсаткичи билан мутахассислар ақлини шоширадиган улкан темир кони экан. Оддий темир эмас, ноёб титан-магнетитга бой бу жойда йилига 22 миллион тонна металл руда берадиган очиқ темир кони, 1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариладиган пўлат эритиш заводи қуриш, 1,5 миллион тонна чўян эритадиган металлургия мажмуаси барпо этиш бошлаб юборилган.

Рақамлар, режалар ҳақиқатдан ҳам геометрик, ҳатто астрономик кўлам касб этади. Беихтиёр, бу улкан ниятлар амалга ошса қандай ўзгаришлар рўй бераркан, деган хаёлга чўмасан, бир дақиқали хаёл-мушоҳададан сўнг бугунги ҳаётга, тажрибага, мантиққа қайтасан, киши. Ахир, ким ўйлаган эди кечаги, асосан, 5-6 қаватли, боринг-ки, 10-15 қаватли уйларга бой Тошкентда кўз ўнгимизда 30-50 қаватли бинолари бисёр шаҳарга айланади, деб. Ёки чилланинг жазирама иссиғида кўчада “тандир олов пуркаётган” бир пайтда узундан узун “гармошкали” автобусларда юзга яқин йўловчи жонига ором бериб уфураётган совуткич мурватини бураб, муздай ҳавони мўътадиллаштиришга уринамиз, деб.

Президентимизнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биносида Тебинбулоқ тоғ-металлургия мажмуасини ўзлаштириш ва ишга тушириш тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Келишувга мувофиқ, Ўрол тоғ-металлургия компанияси эгаси, ўзбекистонлик тадбиркор-олигарх Искандар Маҳмудов томонидан Тебинбулоқ темир кони мажмуасини ўзлаштиришга 1,5 миллиард доллар инвестиция киритилиб, жамоаси муҳандис-техник ходимлари ёрдамида биринчи бор соф табиий металл рудасидан Ўзбекистонда пўлат, чўян каби темир маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қуриш ва мажмуанинг бошқа ёрдамчи корхоналарини ишга туширишга келишиб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги қарорида эса инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Мажмуада йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна бурчак (уголок) швеллер, 22 минг тонна ванадий шлаги ва бошқа материаллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 35 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилган. Кондаги мавжуд захира 1,1 миллиард тоннани ташкил этади.

Маълумки, Ўзбекистонда Бекобод металлургия комбинати бўлса-да, соф табиий рудадан бино ва иншоотларни темир-бетон қилиб мустаҳкамлайдиган тоза металл ололмас эдик. Ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар илгари бир марта ишлатилган темир-ломдан қайта эритиб олинган хомашёдан тайёрланарди. Энди Тебинбулоқ тоғ-кон мажмуасида табиатда ўзи пайдо бўлган рудадан ҳақиқий соф, тоза металл ишлаб чиқара бошлаймиз. Янги Ўзбекистоннинг янги маҳсулотидан турли машина ва механизмлар, трактор, экскаватор, кран, оғир юк ташиш машинаси, автомобиль ва турли мураккаб деталлар, эҳтиёт қисмлар тайёрланади.

Кўп қаватли уйлар, Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Чирчиқ ёки бошқа катта-кичик дарё, анҳорлар узра барпо этиладиган темир-бетон кўприклар учун энди техник кўрсаткичи анча юқори, жаҳон стандартига жавоб берадиган темир ўзимиздан чиқади.

Асли бухоролик тадбиркор, бу соҳада улкан тажриба тўплаган амалиётчи-металлург Искандар Маҳмудовни Тебинбулоқ темир кони рудаси таркибида ноёб кимёвий элемент – ванадий мавжудлиги қизиқтириб қолади.

Автомобиль мотори поршени каби кучли босимда, юқори ҳароратда ва катта тезликда ҳаракат қиладиган, ишқаланишга, иссиқликка, мойга чидамли деталлар тайёрлашда, таъкидлаш жоиз, ванадийнинг ўрнини босадиган кимёвий элемент, ҳозирча, табиатда йўқ. Ванадий бўлмаганда, автомобиль бўлмасди, деган эди Америка автомобиль саноатига асос солганлардан бири, машҳур Генри Форд. Ванадий жуда чуқурликда нефть қувури кавланаётганда ер қаъридаги метиндек қаттиқ тоғ-тошни пармалашда ҳам кенг қўлланади. АҚШдаги айрим хусусий компаниялар тоза ванадийдан олтин ўрнини босадиган медаль, коллекция қилинадиган юбилей, хотира тангалари тайёрлашяпти.

Архив материалларидан маълум бўлишича, Тебинбулоқ темир кони 1937 йил очилган бўлиб, бу ҳақдаги ахборот давр талабига кўра, Москвага етказилган. Ўшанда Иккинчи Жаҳон уруши арафасидаги мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият, иқтисодий танглик сабаб Қорақалпоғистондаги темир конини очиш масаласи кейинга қолдирилади. Мана, 85 йилдан кейин давлатимиз ва ҳукуматимизнинг сиёсий иродаси, қарори, мутахассисларимиз маслаҳати ва тадбиркор ватандошимизнинг имконияти билан бу мега иншоот ниҳоят ишга тушириладиган бўлди.

Реклама, тарғибот-ташвиқотдан йироқроқ юрадиган ташаббускор тадбиркор Искандар Маҳмудов 1998-99 йиллари Ўролда мис рудаси қазиб оладиган энг катта тоғ-металлургия комбинатига асос солади. Мажмуа таркибида 7 та йирик тоғ-кон комбинати, кўплаб турли катта-кичик цех ва заводлар, шунингдек, “Уралэлектромедь”, Среднеуральск мис эритиш заводи, Качканарск тоғ-кон комбинати каби йирик корхоналар бор эди. Бугун Искандар Маҳмудов бошлиқ Ўрол тоғ-металлургия комбинати Россия Федерациясида фаолият кўрсатаётган 40 дан зиёд саноат корхонасини ўз ичига олади.

Бундан 5 йил муқаддам 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Қораўзак туманидаги темир рудасининг бой захирасига эга Тебинбулоқ конини ўзлаштириш истиқболига алоҳида тўхталиб ўтган эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, 2018 йил 12 январь куни давлат раҳбарининг “Тебинбулоқ кони негизида тоғ-металлургия комплекси қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги махсус қарори қабул қилинди.

Мутахассислар жиддий қизиқиш билдираётган Тебинбулоқ конидан олинадиган титан ўзи қандай металл? Металлшунослик луғатида қайд этилишича,  оқ, кумуш рангдаги енгил, асосан, машина-механизмларда кенг қўлланадиган, сирғалиш, ишқаланишга, иссиқликка чидамли, бошқа металларга нисбатан қаттиқ, мустаҳкам. Айни пайт айрим металларга ўхшаб мўрт ҳам эмас, эгилувчан, техник сифат кўсаткичи бўйича қатор темир қоришмаларидан афзал. Титан, шунингдек, юқори иссиқликка чидамли бўлиб, ўзидан иссиқ-совуқ ўтказмайдиган хусусиятга ҳам эга. Титандан тайёрланган темир деталь зангламайди, кучли босимга чидаб, узоқ муддат хизмат қилади. Бундай деталлар ташқи агрессив таъсирга, юқори босимга чидамли, айни кўрсаткичи соф темирга нисбатан 2 баробар яхши, дейишади мутахассислар.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга яна бир ташрифи чоғида қайд этилганидек, Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплекси қурилиши ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан долзарб аҳамият касб этади.

Прогноз кўрсаткичи бўйича Тебинбулоқ кони захираси 4,3 миллиард тоннагача рудани ташкил этади. Конни ўзлаштириш икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 810 миллион долларга тенг. Иккинчи босқичда яна 940 миллион доллар сармоя ўзлаштирилади. Кон тўла ишга туширилиши руда бўйича ички истеъмол-у эҳтиёжни тўла қоплабгина қолмай, ортиқча хомашёни экспорт қилиш имконини ҳам беради. Кимёвий лаборатория таҳлилига қараганда, Тебинбулоқ конидаги руда таркибидаги металл 16-18 фоизни ташкил этади. Айрим тоифа бўйича захира эса 3 миллиард 500 миллион тоннадан 4 миллиард 300 миллион тоннагача, дея баҳоланмоқда. Бу рақамлар тоғ-кон мажмуасида улкан ҳажмда металл ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш салоҳиятидан дарак беради.

Мутахассислар фикрига қараганда, Тебинбулоқ кони негизида бугунги кунда эҳтиёж юқори, тақчил бўлган турли ноёб янги қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳам ташкил этиш мумкинлиги айтилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китоб бундай корхоналар фаолияти мўмай даромад келтиришидан дарак бермоқда.

Ўзбекистон ҳудудидаги йирик темир рудаси объекти бўлган Тебинбулоқ конининг қулай иқтисодий шароити (кон очиқ ўзлаштирилиши, темир йўл, магистрал газ, сув қувурлари, электр узатиш линиялари яқинлиги, етарли инсон ресурслари мавжудлиги) ҳисобга олинса, Қорақалпоғистонда катта ҳажмда темир ва қимматли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконига эга саноат индустрияси пайдо бўлишини англаш қийин эмас.

Боз устига, ҳисоб-китоблар бундай корхона сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш баробарида юқори даромадга ҳам эга бўлишини кўрсатмоқда.

– Тебинбулоқ конидаги бой захира ҳисобидан бу ерда яна қўшимча саноат корхоналари қуриш, янги иш жойлари яратиш мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси, академик Нагмет Аимбетов.

Хулоса шуки, Тебинбулоқ кони кеча ўз темири бўлмаган Ўзбекистонни бугун-эрта дунёнинг йирик металл ишлаб чиқарувчи давлатларидан бирига айлантиради. 2024 йил Ўзбекистон табиий рудадан олинган соф металл ишлаб чиқара бошлайди.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА шарҳловчиси