Ўзбекистон навбатдаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда

Жорий йил 3-7 июль кунлари пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конференциялар қизғин кечмоқда.

Йирик халқаро анжуманлар қатори “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тадбири доирасида “Ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш – барқарор ривожланиш гарови” мавзусида панел сессия ташкил этилди.

Ижтимоий хизматлар соҳаси вакиллари, йирик нуфузли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этаёган йиғилишда мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳокама қилинди.

Сессияда дастлаб Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев нутқ сўзлаб, камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш мақсадида маъмурий ислоҳотлар доирасида бу соҳаларга масъул вазирлик ташкил этилган бўлиб, барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилганини, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олгани хусусида маълумот берди.

Ижтимоий давлат – Ўзбекистонда барқарор ривожланишнинг муҳим мақсадлари бўлмиш – ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳалар мунтазам тараққий этишини таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда, – деди вазир Б.Мусаев. – Шунингдек, самарали ижтимоий суғурта таъминотини йўлга қўйиш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланиш ва ижтимоий тенгсизликка йўл қўймаслик, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш каби масалалар устувор вазифа саналади.

Қайд этилишича, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайган. Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болалар парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилган.

Дарвоқе, Ўзбекистон БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди, ногиронларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси, деб тан олувчи ва ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, таълим, бандлик, тадбиркорлик, соғлиқни сақлашда тенг имкониятларни таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.

Анжуманда охирги йилларда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилгани таъкидланди. Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етган. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Конференция иштирокчилари республикада қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишда “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида ҳамкорлик тизимини жорий этишга туртки бўлганини эътироф этишди.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган 46 та ҳамда худди шундай профилактика инспекторларига юклатилган 13 та вазифа ҳамда функциялари қисқартирилди.

Маърузалар, тақдимотлар жараёнида маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март санасини “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари куни” деб эълон қилингани айтилди.

Сессия ҳақида батафсил маълумот берилади.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА