11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Швеция ҳар қандай ҳолатда ҳам Альянсга аъзо бўла олмайди, чунки шу вақтга қадар Туркия томонидан тегишли ҳужжат ратификация қилинмади. Бу ҳақда Брюсселдаги матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Туркия, Швеция ва Финляндия вакиллари билан учрашув якунида айтиб ўтди.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Швециянинг аксил террор қонунчилигига расмиятчилик юзасидан ўзгариш киритиб, ҳужжатни амалда қўлламаётгани НАТОга аъзо бўлиш учун етарли эмас, дея таъкидлади.
Мулозимнинг қуйидаги фикри “TRT” телеканали ахборотида иқтибос сифатида келтирилган:
– Стокгольм бу ўзгаришларни амалда қўллаши керак. НАТО ҳарбий иттифоқ, Альянснинг асосий вазифаларидан бири террорга қарши кураш. Биз Швеция хавфсизлик инфратузилмаси иғволар олдини олиш учун самарали механизм ярата олмаётганидан ҳайратдамиз.
Швеция хавф-хатар туғдирмаслиги керак, аксинча НАТО доирасида террорга қарши курашга ҳисса қўшиши лозим. Туркия Швециянинг Альянсдаги ишончли ҳамкор эканини ҳис этмоғи лозим, дея қўшимча қилди Фидан.