Ўзбекистон барча қўшни давлатлар билан яқин шерикчилик, иттифоқчилик муносабатлари ва кўп асрлик дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантириб келмоқда.
Хусусан, Қозоғистон Республикаси билан алоқалар йилдан-йилга янги босқичга кўтарилиб, барча соҳаларда катта натижаларга эришилмоқда. Бу қўшни давлатлар алоқаларининг тарихи давомида ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг намунали моделини намойиш этди. Марказий Осиё минтақасининг янада ривожланишини кафолатлайдиган мустаҳкам пойдеворни биргаликда шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали алоқалар халқаро ҳарбий ҳамкорлик йўналишида ҳам ўз самарасини кўрсатиб, икки давлат ҳарбий хизматчиларининг ўзаро малака ва тажриба алмашишида, биргаликда ўқув-жанговар вазифаларни адо этиш орқали жанговар тайёргарлигини юксалтиришида муҳим роль ўйнаяпти.
Жумладан, икки давлат ҳарбий ҳамкорлиги доирасида Хоразм вилоятидаги “Янгиариқ” умумқўшин полигони базасида жойлашган ва 2021 йилдан фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларини чўл шароитида тайёрлаш марказида Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирлиги махсус бўлинмаларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари таҳсилни якунлади.
Марказий Осиё давлатларининг кўплаб қисмини чўллар эгаллагани, ана шундай иқлими ўзгарувчан, бепоён қумлик ва намлик даражаси паст бўлган ҳудудларда биринчи навбатда ҳарбий хизматчиларнинг яшовчанлигини ошириш, қўйилган жанговар вазифаларни сифатли бажарилишига эришиш мақсадида ушбу марказда ўзбекистонлик ҳарбий мутахассислар билан биргаликда қозоғистонлик ҳарбийларнинг таҳсил олиши янги тажриба ва малака алмашишига имкон яратди.
Бир неча ҳафта давом этган ўқув курси дастурига мувофиқ икки давлат ҳарбий хизматчилари саҳрода чўл шароитида олов ва сув топиш, ов қилишга мўлжалланган қўл остидаги предметлардан ясалган қуроллар ва қопқонларни тайёрлаш, чўл шароитида бўлинмаларнинг ниқобланиши ҳамда шахсий таркиб жойлашиши учун шароитларни яратиш, шартли ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва қўлбола тиббиёт буюмларини ясаш бўйича амалий машқларни бажарди. Саҳрода овланган ёввойи ҳайвон ва балиқлардан мазали таомлар тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини маълум муддат ичида сақлашни ташкил этиш бўйича маҳоратларини бойитишди.
Курс якунида бўлинмалар бир неча километрли разведка-қидирув ҳаракатларини амалга ошириб, йўналишда мавжуд сувли тўсиқларидан ўтишни амалда қўллашди. Яқин жангда бир-бирини ҳимоя қилган ҳолда жанговар қуролларни қўллаш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга тўсиқли йўлакдан гуруҳ таркибида ўтишни машқ қилишди.
Марказ битирувига бағишланган тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари вакиллари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги иштирок этди. Сўзга чиққанлар сўнгги етти йиллик давр ичида Ўзбекистон Қуролли Кучларини ҳар томонлама ислоҳ этиш, миллий армиямизни замонавий турдаги қуроллар, аслаҳалар, ҳарбий ва жанговар техникалар билан бутлашда катта натижаларга эришилганини эътироф этишди. Ҳарбий хизматчиларнинг таълим-тарбия жараёнларига қўшимча қулайликлар яратиш, ҳарбий қисмлар, ўқув машғулоти майдонлари ҳамда жанговар тайёргарлик объектлари замонавий кўринишга келтирилгани таъкидланди. Ўқув курсини тамомлаган ҳарбий хизматчиларга сертификат, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Қозоғистонлик ҳамкасблар томонидан мазкур марказда меҳмонларнинг тажриба алмашиши, дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирилиб, таълим жараёнида ўзбекистонлик малакали мутахассисларнинг жалб этилиши Қозоғистон ҳарбий хизматчиларининг малака ошишида муҳим роль ўйнаганини алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар тадбирга ўзгача жўшқинлик олиб кирди.
ЎзА