“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Сув ресурсларини тежаш зарурати замон талаби” мавзусида сессия бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев сув ресурсларини тежаш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди:

—  Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ортиб бориши туфайли нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон йилига 51-53 млрд.м3 сув ресурсларидан фойдаланаётган бўлиб, бу кўрсаткич ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга камдир. Сув тақчиллиги билан боғлиқ вазиятни эътиборга олиб, Ўзбекистонда сув хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаяпти.

—  Хусусан, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди. Концепция ва Стратегияда белгиланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобига йилига 7 миллиард кубометр сув тежалишига эришилмоқда. Шунингдек, сўнгги йилларда ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳисобига 1,5 миллион гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

2022 йилда қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида туманларда 161 та Сув хўжалигининг махсус хизмати бўлимлари ташкил этилиб, сув хўжалиги ташкилотларига истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиб ишлаш имкони берилди.

Республикада жами суғориладиган ер майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этиб, бугунги кунга қадар сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,2 миллион гектарга ёки суғориладиган ерларнинг 28 фоизига етказилди. Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш кўлами бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда 1-ўринда, МДҲ давлатлари орасида 2-ўринда, Осиё давлатлари орасида 4-ўринда, дунёда эса 13-ўринда турибди.

Олдимизга 2030 йилгача суғориладиган экин майдонларини тўлиқ сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олиш вазифаси қўйилган. Сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмлари илгари импорт қилинган бўлса, ҳозирда ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 50 дан ошди, — деди вазир.

Шунингдек, анжуманда сув хўжалиги соҳасига рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича 2021-2023 йилларда сув хўжалиги объектларига 5 минг 479 та “Ақлли сув” қурилмаси, насос станцияларига 1 минг 446 та сувни онлайн назорат қилиш қурилмаси ҳамда мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи 5055 та “Дайвер” қурилмалари ўрнатилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, қайд этилганидек, 45 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёни автоматлаштирилди. Рақамлаштириш ҳисобига 2022 йилда 542 миллион м3 миқдорида сув иқтисод қилинди, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш аниқлиги 20 фоизга оширилди. Бошқариш жараёнини автоматлаштириш орқали сувнинг техник йўқолишини 10 фоизгача камайтиришга эришилди.

Халқаро анжуманда хорижий эксперт ва мутахассислар ҳам сув хўжалиги соҳасидаги ишлар, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА