Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган “Agrotec Handels Gmbh” инвестиция компанияси президенти ва Ўзбекистоннинг Aвстриядаги фахрий консули Борис Кандов билан учрашди.
Суҳбат чоғида меҳмонга Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва янгиланган Конституция доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда навбатдан ташқари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида маълумот берилди.
Б.Кандов муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик изҳор қилиб, унинг муваффақиятли ўтишига тилак билдирди:
– Қуёшли ва меҳмондўст Ўзбекистонга яна ташриф буюриш менга катта мамнуният бағишлайди. Aлбатта, бугун мамлакатингиз жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб, бу давлатнинг халқаро майдондаги роли тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Ишончим комилки, бўлажак Президент сайлови халқаро нормалар ва демократик тамойиллар асосида юқори ташкилий савияда ўтади, – деди у.
Меҳмон мамлакат раҳбариятининг миллатлараро ва минтақалараро тотувликни мустаҳкамлаш, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва жипслигини таъминлаш борасидаги мутаносиб сиёсатини таъкидлаб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон билан Aвстрия ўртасидаги савдо, инвестициялар, оғир саноат, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА