Қирғизистон Президентининг қариндоши Улан Жапаров коррупцияда гумонланиб, ушланди. Бу маълумотни давлат раҳбари матбуот котиби Эрбол Султонбоев тасдиқлади.
“Қўлга олинган Улан Жапаров, ҳақиқатан, давлат раҳбарининг қариндоши. Унинг божхона муаммоси билан боғлиқ коррупцияга алоқадор гуруҳда мавжудлиги гумон қилинмоқда. Президентнинг шахсан ўзи гумонланувчиларга нисбатан мутлақ қонуний чора кўришни талаб қилган”, дейилади хабарда.
Матбуот котиби қўлга олинган 32 ёшли Улан Жапаров Қирғизистон Президентининг амакиваччаси Ракимжан Жапаровнинг ўғли эканини тасдиқлади.
Султонбоев урғулашича, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ҳар қандай фуқаро қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортилади.
– Агар иш коррупция билан боғлиқ бўлса, етказилган зарар қопланиши шарт, – деди у. – Бу ҳолат коррупцияга қарши курашда танлов йўқлигини яна бир бор кўрсатади. Давлат раҳбарининг талаби шундай!
ЎзА