Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотида келтирилишича, дунё аҳолисининг ярми ҳалигача тоза сув, тозалик воситалари билан таъминланмаган. Бу муаммо ҳар йили 1 миллион 400 минг киши ҳаётдан эрта кетишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2019 йил диарея хасталиги оқибатида бир миллиондан зиёд инсон қурбон бўлди.
Тозаликка амал қилмасликдан келиб чиқадиган ўткир респираторли хасталиклар ҳам борган сари кўпаймоқда. Ўтган йил ушбу хасталик туфайли 356 минг кишининг ёстиғи қуриди. Ичимлик суви, тозалик ва гигиена воситалари етишмаслиги минтақаларда беш ёшгача бўлган 395 минг болани ҳаётдан олиб кетди. Ўлим ҳолатининг тўртдан уч қисми Африка ва Жанубий Осиё мамлакатларига тўғри келмоқда.
Ичимлик суви етишмаслиги дунё ҳамжамияти дуч келаётган кескин муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Тоза сув танқислиги организмда темир моддаси етишмовчилигини келтириб чиқаради, анемия, вабо инфекциясини қўзғайди, дизентерия ва гепатит A касаллигига сабаб бўлади. Қолаверса, ичимлик суви етишмаслиги бола ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, тўйиб овқатланмаслик муаммосини юзага келтиради, нормал ўсишга халақит беради.
Мутахассислар фикрича, тоза сув танқислигини бартараф қилиш учун зудлик билан зарур чора кўриш керак. Хусусан, инфратузилмани яхшилаш, сув захирасини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг гигиеник ва экологик билими, масъулиятини оширишга қаратилган инвестиция ҳажмини кўпайтириш лозим.
С.Раҳимов, ЎзА